Ссылки доступа

Шавкат Мирзиёев Қасим-Жомарт Тоқаевни сайловда қозонган ғалабаси билан табриклади


Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев куни кеча Қозоғистонда бўлиб ўтган президентлик сайловида қозонган ғалабаси билан Қасим-Жомарт Тоқаевни табриклади, дея хабар беради ҳукумат сайти.

«Қозоғистон Президентининг жорий йил апрель ойидаги Ўзбекистонга илк давлат ташрифи дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини мустаҳкамлашга ўзаро интилишнинг тасдиғи бўлиб, икки томонлама ҳамкорлик ривожига янги суръат бағишлади», –дейилади хабарда.

Суҳбат чоғида давлат раҳбарлари Ўзбекистон билан Қозоғистон ўртасидаги ҳамкорликка доир, шунингдек, минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалаларни муҳокама қилдилар. Келгусидаги, жумладан, кўп томонлама ташкилотлар тадбирлари доирасидаги олий даражадаги учрашувлар режаси ҳам кўриб чиқилди.

Қозоғистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси 9 июнь куни мамлакатда муддатидан олдин бўлиб ўтган Президент сайловининг дастлабки натижаларини эълон қилди. Президентлик сайлови Қозоғистон янги тарихидаги олтинчиси бўлиб, шундан тўрттаси муддатдан аввал ўтказилган. Бу галги сайловда сўнги 30 йилда биринчи марта номзод сифатида, СССР тарқаб кетганидан сўнг мамлакатни бошқарган Нурсултон Назарбоев иштирок этмади. Овоз бериш реал рақобатнинг йўқлиги ва аввалдан натижаси маълум бўлган кампания борасидаги баёнот фонида бўлиб ўтди.

Сўнгги маълумотларга қараганда, президент вазифасида ишлаб келаётган Қасим-Жомарт Тоқаев ғалаба қозонди, у овозларнинг 70,76 фоизини олди.

Амиржан Косанов 16,02%, Дания Еспаева – 5,2%, Толеутай Рахимбеков – 3,2%, Амангельды Таспихов – 2,07%, Садыбек Тугел – 0,92% овоз олди. Овоз бериш жараёнида сайловчиларнинг 77,4 фоизи қатнашди.

Қозоғистонда президентлик сайлови куни юзлаб одамлар ушланди. Ушланганлар орасида Азаттиқ радиоси (“Озодлик” радиосининг қозоқ таҳриряти) журналистлари Петр Троценко ва Сания Тойкен ҳам бор эди, шунингдек RFE/RLнинг Чех Республикаси, Россия ва Қирғизистондан келган етти нафар журналистининг Қозоғистондаги муддатдан аввалги сайловларни ёритиш борасидаги илтимосномаси рад қилинди. “Озод Европа/Озодлик радиоси Медиакорпорацияси мухбирларга нисбатан Қозоғистон расмийларининг ҳатти ҳаракатларини қоралаб чиқди.

Қозоғистонда давлат раҳбари беш йил муддатга сайланади. Сайловчиларнинг қанча миқдорда қатнашишидан қатъий назар сайловлар ўтган дея ҳисобланади, сайловчиларнинг 50 фоизидан кўп овозини олган номзод номзод ғолиб ҳисобланади.

XS
SM
MD
LG