Ссылки доступа

ЕХҲТ кузатувчилари Қозоғистондаги сайловларда қонунбузилишлари ҳақида баёнот берди


Европада Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти миссияси кузатувчилари Қозоғистондаги президентлик сайловлари асосий эркинликларнинг ва демократик стандартларнинг бузилиши асосида ўтгани юзасидан баёнот берди.

Сайлов натижаларига бағишлаб душанба куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида кузатувчилар миссияси вакилларининг таъкидлашларича, сайлов кампанияси иқтидордаги партиянинг ҳукмронлиги остида ўтди, сайловлар кунида кузатилган қонун бузилишлари эса овозларнинг ҳаққонийлигини шубҳа остига қўяди. Кузатувчилар сайловлар куни норозилик акцияси иштирокчилари ва журналистларнинг қўлга олинганини алоҳида таъкидлашди.

Қозоғистоннинг сайланган президенти Қасим-Жомарт Тоқаев ЕХҲТнинг ҳисоботига жавоб берар экан, ташкилот кузатувчиларининг фикрига "босиқлик билан" ёндашишини айтди. "Мен ЕХҲТ Парламент ассамблеясининг вице-президенти бўлганман ва мен бу “ошхонани” яхши биламан, улар бу ҳисоботларни қандай тузишларидан хабарим бор, улар ўзлари ишлаётган мамлакатларга қараб сиёсий баҳо беришади. Шу сабабли мен ЕХҲТнинг ҳисобитига мутлоқо босиқлик билан қарайман", - деди Тоқаев душанба куни Нур-Султонда бўлиб ўтган матбуот анжуманида.

Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев Олмаота ва Нур-Султонда 9 июнь сайловлар куни ва эртаси куни бўлиб ўтган хукуматга қарши тинч намойишларга изоҳ берар экан, полицияни мақтади ва акция иштирокчиларнинг ушланиши “зарурият” эканлигини таъкидлади, дея хабар беради маҳаллий ахборот агентликлари. Шу билан бирга у мамлакатда «сўз эркинлиги тўла равишда мавжуд”лигини қайд қилиб ўтди.

Тоқаевнинг баёнот беришича, айрим фуқаролар “ўзларини номуносиб тутдилар, полиция ходимларини ўзларига жалб қилишга ҳаракат қилдилар», Тоқаевнинг фикри билан айтганда, «ноқонуний ҳатти-харакатлар қилиш учун улар ташқаридан маълумот олиб туришди». Тоқаевнинг сўзларига қараганда, куч ишлатиш салоҳиятига эга идоралар «имкон қадар босиқ бўлишга» ҳаракат қилдилар.

Мамлакат Марказий Сайлов комиссиясининг дастлабки расмий маълумотларига қараганда, Қозоғистоннинг амалдаги президенти Қасим-Жомарт Тоқаев сайловчиларнинг 77 фоизи иштирок этган сайловларда 70,6 фоиз овоз олиб ғолиб бўлган. Иккинчи ўринни мухолифатдаги номзод Амиржан Косанов олди, унга сайловчиларнинг 16 фоизидан кўпроғи овоз берди. У Тоқаевнинг ғалабасини тан олди.

Сайловлар шу йилнинг март ойида Назарбаевнинг истеъфосидан кейин ўтказилди. Шу билан бирга Қозоғистоннинг биринчи президенти ўз қўлидаетарлича хокимиятни сақлаб қолди.

Овоз бериш билан бир вақтда Олмаота, Нур-Султон ва Чимкентда рухсат берилмаган норозилик акциялари бўлиб ўтди, иштирокчилар сайловларни бойкот қилишга чақирдилар. Қозоғистон ИИВ маълумотларига қараганда, шу куни мамлакатнинг иккита йирик шаҳрида 500 га яқин киши ушланди. Ҳуқуқ ҳимоячилари бундан-да кўпроқ рақамни келтиришмоқда. Сайлов натижалари эълон қилинганидан сўнг душанба куни Олмаотада яна норозилик намойишлари бошланиб кетди ваҳибсга олишлар давом эттирилди. Сўнгги маълумотларга қараганда 100га яқин киши ушланди.

XS
SM
MD
LG