Ройтерс агентлигининг хабар қилишича, суд Фарҳод Тошмуҳаммедов (Швецияга келиб олган исми Девид Идриссон)га қўйилган террор ҳужумини тайёрлаш айбловини бекор қилган, лекин тероризмни молиялаш айблови ўз кучида қолган. Судья Раднар Палм Квистгнинг баёнотига кўра, апелляция суди уни террор ҳужумига тайёргарлик кўрганликда айблаш учун етарли далиллар йўқ, деб ҳисоблайди.
Швеция пойтахти яқинидаги Солна округ суди жорий йилнинг мартида Девид Идриссонни терактга тайёргарлик кўрганликда айбдор, деб топиб етти йилга озодликдан маҳрум этган эди. Девид Идриссон, аввалги исми эса Фарҳод Тошмуҳаммедов бўлган ўзбекистонлик қамоқ муддатини ўтаб бўлганидан сўнг Швециядан бадарға қилинадиган, мамлакатга қайтиб киритилмайдиган бўлган.