Ссылки доступа

Бухородаги қадимий тут дарахти муфтий буйруғи билан “соф Исломга” тўғри келмагани учун кесиб ташланди


Бухоро вилоятининг Когон туманида жойлашган «Хўжа Баҳоуддин Нақшбанд» зиёратгоҳидаги қадимий тут дарахти 9 июнь куни кесиб ташланди. Зиëратгоҳ вакилининг 12 июнь куни айтишича¸ дарахтнинг бир қисми кесилиб, музейга берилган.

Маданият вазирлиги вакилига кўра¸ бу тут дарахти, Сурхондарëдаги будда ҳайкали ва бошқа осори атиқалар туристларни ўзига жалб қилиб келган.

"Бу осори атиқаларнинг маҳаллий клерикаллар талаби билан нобуд қилиниши ташқи дунë ва туристлар учун салбий сигналдир"¸ деди вазирлик вакили.

«Хўжа Баҳоуддин Нақшбанд» зиёратгоҳи расмий сайтида “қадимий тут дарахти Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимовнинг жорий йил 7 май кунидаги «Дарахт ва тош кабиларни муқаддас деб билишнинг ширклиги тўғрисида»ги фатвосига асосан” зиёратгоҳ ҳудудидан олиб ташлангани билдирилган.

Ўзбекистон мусулмонлар идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов имзолаган ҳужжатда “Бухородаги мутасадди ташкилотлар билан келишган ҳолда дарахтни олиб ташлаш зарурлиги” баëн қилинган.

Бухоро вилоят маданият бошқармасига қарашли «Хўжа Баҳоуддин Нақшбанд» зиëратгоҳининг исми очиқланмаслигини сўраган ходими ҳамда Мусулмонлар идорасининг Бухородаги вакили Жобир Эловлар Усмонхон Алимов имзо чеккан 1151 рақамли ҳужжатга асосланиб қадимий тут дарахтини кесиб ташлашган.

Ҳужжатда “Когон тумани «Хўжа Баҳоуддин Нақшбанд» зиёратгоҳидаги дарахтни тавоф қилиш каби ширк амаллар тарқалгани сабаб¸ бу дарахтни олиб ташлаш сўралган”.

Зиëратгоҳ вакилининг айтишича¸ 9 июнь куни дарахт зиëратгоҳ саҳнидан кесиб олиб ташланган.

Қадимий тут дарахтининг “соф исломга” тўғри келмагани учун кесиб ташлангани ижтимоий тармоқнинг муттаассибликка мойил сегментида “сиëсий исломнинг навбатдаги ғалабаси”, дея баҳоланди.

Айни пайтда баъзи юзерлар бу ҳолатни Ўзбекистон Конституцияси 12- моддасиниг бузилиши дея хавотир билдиришди.

Конституциянинг 12-моддасида “Ҳеч қайси мафкура давлат мафкураси сифатида ўрнатилиши мумкин эмас”, дейилади.

Ўзбекистон маданият вазирлиги матбуот котиби “Ўзбекистон табиати ва тарихини тамсил қилувчи осори атиқаларга клерикал ëндашиб, уларни нобуд қилиш амалини қоралади”.

Маданият вазирлиги вакилига кўра¸ бу тут дарахти¸ Сурхондарëдаги будда ҳайкали ва бошқа осори атиқалар туристларни ўзига жалб қилиб келган.

"Бу осори атиқаларнинг маҳаллий клерикаллар талаби билан нобуд қилиниши ташқи дунë ва туристлар учун салбий сигналдир"¸ деди вазирлик вакили.

Сиëсатшунос Рафаэл Сатторов қадимий тут дарахтининг муфтий буйруғига кўра¸ маҳаллий музей ходимлари тарафидан кесиб ташланишида муаммо кўради:

- Ўзбекистон дунëвий давлат ва диндан ажратилган. Давлат идораси ходими муфтийнинг гапи билан қадимий дарахтни кесиб ташлаши дунëвийлик принципига зид. Муфтий ëки соф ислом эканлигини иддао қилган гуруҳ истагига кўра¸ улар назарида куфр деб билинган тут дарахтининг кесилгани жамият учун хавфли сигнал.

Рафаэл Сатторовнинг яна айтишича¸ Ўзбекистонни шариат давлатига айлантирмоқчи бўлган гуруҳлар "кичик ғалабалар" деган принципни қўлламоқда:

- Бу гуруҳ учун тут дарахтининг кесилгани кичик ғалаба. Истиқболдаги катта ғалабага элтувчи зинапоя. Ҳукумат популизм йўлидан бориб, диний гуруҳларни парваришлаш асносида ўз оëғига болта урадиган тизимга доялик қилаëтганини тушунмяпти. Тут дарахтининг кесилиши Бомиëндаги Будда ҳайкали ва Суриядаги сўфий зиëратгоҳларини портлатиш билан бир хил амалдир.

Бухоро вилоятининг Когон туманида жойлашган «Хўжа Баҳоуддин Нақшбанд» зиёратгоҳи ҳовлисида 9 июнгача мавжуд бўлган тут дарахтининг ëши 700 йил экани айтилади.

Бухоро вилоят Маданият бошқармаси ходимининг айтишича¸ бу тут дарахтининг ëши катталиги олимлар тарафидан аниқланган:

- Совет Иттифоқи даврида СССР Фанлар академиясининг ўрмончилик институти ходимлари келиб дендрохронологик анализ қилиб дарахт ëши 500 йилдан кўп эканлигини аниқлашган.

Маҳаллий аҳоли ишонадиган ривоятга кўра, 1389 йили оламдан ўтган Хўжа Баҳоуддин Нақшбанд ўз ҳассасини ерга тиққанида илдиз отиб мева қилган.

Бу қадимий тут дарахти сўфийлик оқими лидерларидан бири Хўжа Баҳоуддин Нақшбанд исми билан боғланиб табаррук қилиниб келинган эди.

Авлиë ва анбиëлар номи билан боғланадиган қадимий тут дарахтлари дунëнинг бошқа мамлакатларида ҳам бор.

Масалан Фаластиндаги Иерихон шаҳрида Исои Масиҳ соясида ўтириб дам олди дея ишониладиган тут дарахти мавжуд.

XS
SM
MD
LG