Ссылки доступа

Парламентнинг 40дан ортиқ депутати Атамбаевдан даҳлсизликни олиб ташлашга чақирди


Жўқорғу Кенешда собиқ президент Алмазбек Атамбаевдан даҳлсизлик мақомини олиб ташлаш учун 40дан ортиқ депутатнинг овози тўпланди. Бу ҳақда 12 июн кунги мажлисда «Қырғызстан» фракцияси аъзоси Қанат Исаев маълум қилди.

У спикер Дастан Джумабековга мурожаат қилиб, уни парламентнинг тегишли қўмиталарига топширишни сўради.

12 июн куни мажлисда бир нечта депутат Алмазбек Атамбаев 8 июнь кунги митингда парламентни танқид қилганига жавоб сифатида унинг президентлик вақтидаги фаолиятини танқид қилди. ҚСДП фракцияси етакчиси Иса Омуркулов баёнот бериб, Атамбаев «тинчгина ўтириши» керак, деди, спикер Джумабеков эса собиқ президент ҳаммани “Оқ уй”дан ҳайдаб чиқариш мақсадида 10 мингга яқин одам тўплаши ҳақида баёнот берганини айтди.

Бундан аввал Алмазбек Атамбаев бошқарган ҚСДПнинг расмий вакили Кундуз Жолдубаева ўзининг Facebook'даги саҳифасида депутатларнинг танқидига изоҳ берди. «Ҳалқ собиқ президент – бугунги кунда ҳамма яшириниб турган бир вақтда ҳукуматга қарши турган ягона сиёсатчини ҳибсга олинишига изн бермайди. Агар ҳукумат порохли бочкани портлатмоқчи бўлса, у ҳолда хоҳлаганини қилиши мумкин», - дея ёзди Жолдубаева.

16 май куни президент Сооронбай Жээнбеков собиқ президентларни жавобгарликка тортиш механизмини кўзда тутувчи қонунни имзолади. Эндиликда собиқ президент мутлоқ даҳлсизлик мақомига эга эмас, аммо уни жиноий жавобгарликка тортиш учун Жўқорғу Кенеш айблов эълон қилиши, Бош прокуратура эса уни тасдиқлаши керак.

Бундан ташқари, собиқ президент давлат идораларида сиёсий, махсус давлат лавозимларида ишлаши керак эмас, шунингдек сиёсий партия раҳбарлик лавозимларини эгаллаши, бир сўз билан айтганда сиёсий партия фаолиятида иштирок этиши мумкин эмас. Собиқ президент бу қоидаларга амал қилмайдиган тақдирда бош прокурор тақдим қилган акт бўйича президентга берилган барча кафолатлар, шунингдек республика бюджетидан бериладиган моддий ва бошқа таъминотлар тўхтатилади.

Қирғизистон собиқ президенти мақомига Роза Отунбаева ва Алмазбек Атамбаев эга. Асқар Акаев ва Қурманбек Бакиев инқилоблардан сўнг бу мақомдан маҳрум қилинган.

XS
SM
MD
LG