“Озодлик” радиосининг қозоқ таҳририяти мухбири Балуан Шолак номли Спорт саройи жойлашган Байтурсинов ва Абай кўчалари кесишган чорраҳада одамлар ушланишига гувоҳ бўлди. Бу туманда, мухбирнинг айтишича, полиция, махсус техника ва автобуслар бор бўлиб, жамоат овқатланиш пунктлари ва кўплаб дорихона ҳамда дўконлар берк эди. "Интерфакс-Казахстан"нинг хабар беришича, бу мавзеда 50 дан ортиқ киши ушланди.
Ушланишлар кузатилган иккинчи жой Остона майдони бўлди, бу ерда 200га яқин киши ушланди. Бу туман полиция ходимлари, СОБР ва Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари томонидан қуршаб олинди. Полициянинг таъкидлашича, шаҳарликларни рухсат берилмаган митингга чиқишга даъват қилган одамлар ушланди. "Интерфакс" мухбири Остона майдонида ушланганлар тушган бир нечта полиция автобусларини санаб чиқди. Бу автобусларда ушланганлар полиция бўлимларига олиб борилди.
Пойтахт Нур-Султон кўчаларига ҳам полиция ходимлари чиқарилди, айрим жойларда ҳаракат чекланди, жумладан Пушкин ва Райимбек кўчалари кесишган чорраҳадаги Байтерек монументига ёндош ҳудудлар қуршаб олинди. Мухбир бу ерда 40-50 га яқин полиция ходими, иккита эвакуатор ва бир нечта полиция микроавтобуси борлигини ҳисоблаб чиқди. Бу жойга металл тўсиқлар ўрнатилиб, ичкарига ҳеч кимни киритишмади.
Чимкентда ҳам Ал Фаробий майдонидаги Shymkent Plaza савдо марказига туташ мавзеларга полиция кучлари қўйилди: Ал Фаробий ва Момишули кўчалари кесишган чорраҳадаги майдон тўлалигича қуршаб олинди. Ҳодиса жойида бўлган “Озодлик” радиосининг қозоқ хизмати мухбири 12 июнь маҳаллий вақт билан 18.30 ҳолатига кўра ҳеч ким ушланмаганини маълум қилди.
Қайд қилинган учта шаҳарда 9 ва 10 июн кунлари Қозоғистонда муддатдан илгари президент сайлови муносабати билан намойишлар бўлиб ўтди.
Қозоғистонликларни 12 июн куни митингга чиқиш борасида ДВК ("Демократический выбор Казахстана" – “Қозоғистон Демократик танлови”) партияси раҳбари Мухтар Аблязов даъват қилди: у тарафдорларига мурожаат қилиб, маҳаллий вақт билан 18:00 да Олмаота ва Нур-Султон кўчаларига чиқишга чақирди. У Олмаотада Байтурсинов ва Абай кўчалари кесишган чорраҳада тўпланиб, кейин пиёда Абилай хон проспектигача ва ундан кейин Остона майдонигача боришга даъват қилди.
ДВК ҳаракати Қозоғистонда экстремистик дея эълон қилинган ва фаолияти тақиқланган, хорижда бўлиб турган Аблязов эса ватанида 20 йиллик қамоққа ҳукм қилинган. Сўнгги кунларда Қозоғистонда намойиш иштирокчиларини ушлаш билан бир қаторда мобил алоқада узилишлар бўлмоқда: Настоящее Время мухбирлари деярли барча мессенжерлар фаолиятидаги муаммолар ҳақида хабар бермоқда.
9 ва 10 июн кунлари, муддатдан аввалги президент сайлови ўтган куни ва эртасига Олмаота ва Нур-Султонда митинглар бўлиб унинг иштирокчилари президентлик сайловларини бойкот қилишга чақирдилар. Икки кун мобайнида полиция томонидан 700 га яқин киши ушланди.
Чоршанба куни Қозоғистон Бош прокуратураси тинч намойишлар ўтказиш қоидаларини бузганлик учун жавобгарлик тўғрисида яна бир марта огоҳлантириш билан чиқди. Халқаро ҳуқуқни ҳимоя қилувчи Amnesty International ташкилоти эса Қозоғистон ҳукуматига мурожаат қилиб,Оммавий йиғилишлар ўтказиш тўғрисидаги дастлабки тасдиқлаш тўғрисидаги қонунни бекор қилишни ва "халқаро инсон ҳуқуқлари талабларига мос келадиган янги қонун қабул қилиш”га чақирди.