Ссылки доступа

Қирғизистон парламенти депутатларининг ярми Атамбаевдан даҳлсизликни олиб ташлашни қўллаб-қувватлади


ҚР собиқ президенти Алмазбек Атамбаевдан даҳлсизликни олиб ташлаш тўғрисидаги ташаббусни қўллаб-қувватлаш мақсадида Жўқорғу Кенешнинг 60 нафар депутатининг имзоси тўпланди. Бу ҳақда «Азаттиқ» радиоси (“Озодлик” радиоси қирғиз хизмати)га таклиф муаллифи, депутат Қанатбек Исаев маълум қилди.

Унинг сўзларига қараганда, эндиликда масалани махсус комиссия кўриб чиқиши ва парламент муҳокамасига олиб чиқиши керак.

«Комиссия биз томондан илгари сурилган айбловлар тўғри ёки ёлғонлигини текшириб кўради. Ўрганиш давомида бизнинг сўзлар фактларга мос келса у ҳолда комиссия масалани Жўқорғу Кенеш муҳокамасига олиб чиқади. Парламент уни бош прокуратурага юборади. У терговни талаб қиладиган вазиятни кўргудек бўлса, у ҳолда парламентдан собиқ президентнинг даҳлсизлигини бекор қилишни сўрайди. Жўқорғу Кенеш даҳлсизликни бекор қилиш масаласини кўриб чиқади. Агар ташаббус парламент аъзоларининг учдан икки қисми – 80 депутат – томонидан қўллаб-қувватланадиган бўлса у ҳолда Атамбаев даҳлсизлик мақомидан маҳрум қилинади. Бош прокуратура унга нисбатан тергов ҳаракатларини олиб бориши мумкин. Унинг натижаларига қараб давлатнинг собиқ раҳбари айбдор ёки айбдор эмаслиги ҳақида гапириш мумкин бўлади», - дейди Исаев.

Алмазбек Атамбаев 2011 йилдан 2017 йилга қадар президент вазифасида ишлаган. 8 июн куни у коррупцияга қарши митингда иштирок этди ва ўзининг чиқишида амалдаги ҳукумат шаънига танқидий фикрларни билдирди.

12 июн кунги мажлисда айрим депутатлар Алмазбек Атамбаевнинг 8 июнь кунги митингда парламентни танқид қилишига жавоб сифатида унинг президентлик фаолиятни танқид қилдилар.

XS
SM
MD
LG