Ссылки доступа

«Мен нафас олаяпман, аммо яшамаяпман». Тожикистонда бокиралик масаласида яна бир баҳс бошланди


19 ёшли Идимо Шерованинг никоҳ оқшоми ҳақиқий ғамга айланди. Ўша куни унинг эри Фируз Муҳаммадражабнинг сўзларига қараганда, рафиқасининг бокира эмаслиги аниқланган. «У бокираликдан саккиз ёшида айрилганни тан олди. Унинг тан олган видеоси бор», - дейди Фируз.

Идимо Шерова эса бошқа чораси қолмаганини айтади: никоҳ оқшомида эри роса калтаклаган ва бокира эмаслигини тан олишга мажбурлаган. «Мен қаттиқ қўрқиб кетдим ва эрталабгача унинг топшириқларни бажардим. У мен гуноҳ иш қилганимни тан олишимни талаб қилди. Мен истамадим. Шунда Фируз менга осиб ўлдириш билан таҳдид кўрсатди. Шундан кейин мен у айтган гапларни такрорладим. Мен унга қўшнимнинг боласи саккиз ёшимда бокиралигимни бузганини айтдим», - дейди Данғара туманида истиқомат қилувчи Идимо Шерова 13 июн куни Радио Озоди билан суҳбатда.

Ёш аёлнинг сўзларига қараганда, ўша оқшом унинг ҳаёти дўзахга айланган: кўп ўтмай ярим ялонғоч Идимонинг “тан олгани” акс этган видеоси яқин атрофда тарқаб кетди. Видео маҳаллий мактаб ўқувчиларининг мобиль телефонларида ҳам пайдо бўлди.

Идимо Шерова Данғара туман судига мурожаат қилди ва собиқ эридан маънавий товон сифатида 50 минг сомони ($5 минга яқин.) талаб қилди. Аммо суд ҳеч қандай камситиш ва қадрсизланиш бўлмагани борасида қарор қабул қилди.

Идимонинг айтишича, тўйгача ва тўйдан кейин эрининг айблови юзасидан тўрт марта тиббий кўрикдан ўтган. Данғара, Бохтар ва Душанбе шифокорлари у ҳамон бокиралигини йўқотмаганини айтишган.

Идимонинг собиқ эри Фируз Мухаммадраджаб эса собиқ хотини бокира эмаслигини айтмоқда. Унинг тан олишича, Идимонинг тан олишини видеога олган, сўнг келиннинг бузуқлигини исботлаш мақсадида видеони судга тақдим қилган. «Қишлоқдошларим орасига бу видеони ким тарқатганини мен билмайман», -дейди Фируз.

«Ҳар гал одамлар гаплашиб, кулишаётганида мен ўзимни йўқотаман: гўёки улар менинг устимдан кулаётгандек бўлади… Ҳозир мен нафас оламан-у, аммо яшамайман. Одамлар бир нарсани билиши керак: мен бокираман, мен туҳматга учрадим», - дейди Идимо Шерова.

Анъанавий тожик жамиятида қизбола пок бўлиши керак, агар бокира бўлмаган ҳолда турмушга чиққудек бўлса у шармандаларча кўчага ҳайдалади. Одатга кўра ота-оналар уни қабул қилишмайди, бу каби аёлларнинг қадр-қиммати ва шарафи бир умр тамға остида қолади.

Радио Озодига Душанбедаги Суд тиббиёт Республика марказининг маълум қилишича, ўтган йили ёш аёлларга бокираликни тиклаш борасида 570 та мурожжат олишган. Одатда бокираликни сақлай олмаган қизларнинг ота-оналари бу ишни қилишади.

XS
SM
MD
LG