Ссылки доступа

Тожикистонда «Жинжак» умрбод қамоққа ҳукм қилинди ва Ўзбекистон расмийларига топширилди


Тожикистон Олий суди “Жинжак” лақабли Ёқуб Ғафуровни умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилди ва уни Ўзбекистонга топширди. Йил бошида Тошкент 2010 йилда таниқли режиссёр Марк Вайлни ўлдирганликла айбдор деб топилиб ҳукм қилинган Ғафуровни маълум вақт Тожикистон расмийларига топширди.

Тожикистон Олий судидаги манбанинг 17 июн куни Радио Озодига айтишича, Ғафуров 1999 йилда Тожикистон ҳудудларида қилган жинояти учун умрбод озодликдан маҳрум қилинди. «Жинжак» устидан суд ёпиқ эшиклар ортида бўлиб ўтди. Ёқуб Ғафуровнинг қариндошлари ТР Олий суд ҳукми юзасидан ҳеч нарса билмасликларини айтишди. «Бизларга ой бошида суд жараёнидан сўнг Ёқуб Ўзбекистонга топширилганини айтишди, холос», - деди маҳкумнинг қариндошларидан бири.

Апрел ойида Ўзбекистон Бош прокуратураси Душенбенинг сўровига биноан Ёқуб Ғафуров маълум вақт Тожикистон расмийларига топширилганини тасдиқлади. Ёқуб Ғафуров 2010 йилда Тошкентдаги “Илҳом” театри асосчиси Марк Вайлни ўлдиришда айбдор деб топилган.

«19 январ куни Ўзбекистон Бош прокуратураси тожик томоннинг сўровини қаноатлантирди ва 1993 йил 2 январдаги Жиноий, оилавий ва фуқаролик ишлари бўйича ҳуқуқий муносабатлар ва ҳуқуқий ёрдам Конвенцияси талаблари ҳамда Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида 2000 йил 15 июнь куни имзоланган Шартномага биноан жавобгарликка тортиш ва жазони ўташда давом этиши учун яна Ўзбекистонга қайтариш кафолати билан 12 феврал куни маҳкум Ёқуб Ғафуровни вақтинча Тожикистон тегишли идораларига топширди», - дейилади Ўзбекистон назорат идораси матбуот хизматининг маҳаллий ОАВга беган жавобида.

Эслатиб ўтамиз, таниқли режиссёр, Тошкентдаги “Илҳом” театри асосчиси ва биринчи бадиий раҳбари Марк Вайль 2007 йил 7 сентябрь куни ўз уйи подъездида ўлдириб кетилган эди. У 55 ёшда эди.

Терговнинг аниқлашича, таниқли режиссёрнинг ўлдирилишида Ёқуб Ғафуров, Алишер Сатаров ва Қаҳрамон Пўлатовлар иштирок этган. 2010 йил 17 феврал куни Тошкент шаҳар жиноий ишлар бўйича суди Ёқуб Ғафуровни 20 йил муддатга қамоққа ҳукм қилди. Суд суд жараёнида ушланганлар баёнот бериб, «Подражание Корану» (“Қурьонга тақлид қилиш”) спектаклида пайғамбарни таҳқирлагани учун режиссёрни ўлдирганликларини айтишган эди.

2 апрел куни Тожикистон ИИВ матбуот хизмати ўтган йилларда содир этилган айрим жиноятлар фош этилганини маълум қилди. Хабарда таъкидланишича, қуролли ҳужумлар ва гаровга олишлар гумони билан қуролли гуруҳ раҳбари 1973 йилда туғилган, Вахдат шаҳрининг Вахдатобод қишлоғида истиқомат қилиб келган “Жинжак” лақабли Ёқуб Ахрорзода (Ғафуров Ёқуб Ахрорович) қўлга олинганини маълум қилди. Ёқуб Ахрорзода Ўзбекистон Бош прокуратураси томонидан берилгани борасида ТР ИИВ хабарида маълум қилинмаган эди.

XS
SM
MD
LG