Ссылки доступа

Блогерлар эътирози ортидан Самарқанддаги хиёбон таъмири вақтинча тўхтатилди


Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов 17 июнь куни халқ орасида "Абрамов бульвари" деб юритиладиган хиëбонга бориб блогерларни тинчлантирди.

Манбаларнинг хабар беришича, Турдимов Хитой Халқ республикасига борганида обод хиëбонларни кўриб ҳавас қилгани ва Самарқандни ҳам Хитойга ўхшатиб безатмоқчи бўлганини жамоатчиликка билдирди.

Ҳоким "бирорта дарахт кесилмайди" дея жамоатчилик вакиллари ва блогерларга ваъда берди.

Бундан олдин ижтимоий тармоқнинг ўзбек сегментида Самарқанд бульваридаги юз йиллик чинорлар кесиб ташланаëтгани ва хиёбон оғир техника билан пайҳон қилинаëтганидан ташвиш билдирилган эди.

Самарқанд вилоят ҳокимининг Туризмни ривожлантириш масалалари бўйича фаолият юритадиган мулозимларидан бирининг айтишича¸ бульварни таъмирлаётган техникалар 17 июнь куни тўхтатилган:

- Бульвардаги нафақат дарахт балки шохчани ҳам кесмаймиз. Чет элдан малакали Landscape designer (ландшафт дизайнери) олиб келиб, режа асосида хиëбонни ободонлаштириш бошланди. Совет пайтида ўрнатилган ва ўйдим-чуқур бўлиб қолган бетон плиталар алмаштирилади. Велосипед учун махсус жигар рангли юмшоқ қопламадан бўлган йўлак қурилади. Лимитсиз вайфай ва телефон зарядка қиладиган ускуналар ўрнатилади. Бу ишлар қилинар экан бирорта дарахт кесилмайди¸ - деди мулозим.

Бундан олдин таниқли блогер Умид Ғафуров “Самарқанддаги бульвар бошига Тошкент хиëбони қисмати тушмасин”, дея ўз саҳифасида ташвиш изҳор этганди.

Ижтимоий тармоқдаги #нашбульвар хештеги остида самарқандлик фаоллар хиëбондаги ҳар бир дарахтни рақамлаб чиқиб ҳимоя қилишни таклиф қилишди.

Блогерлар мулозимлар гапига ишонмасликларини изҳор қилишди.

Самарқанддаги бульвар 1870 йилда Туркистон генеарал губернатори Константин Кауфман тасдиқлаган режа асосида 1871 йилда Самарқанд губернатори Александр Абрамов тарафидан бунëд қилинган.

Булъвар чор даврида “Абрамов бульвари”¸ Совет даврида “Горький хиëбони” ва мустақиллик даврида “университет бульвари” деган номларни олди.

XS
SM
MD
LG