Ссылки доступа

Daewoo textile ишчилaри Касаба уюшмасини ўз ҳақлари бузилаëтганига кўз юмаëтганликда айблади


Фарғона вилояти Daewoo textile LLC қўшма корхонасининг Тошлоқ туман шўъбаси xодимлари Oзодликка мурожаат қилиб¸ иш берувчи ва ишчи орасидаги таранг муҳитдан шикоят қилишди.

Шу корхонада узоқ йиллардан бери ишлайдиган аëл ўз раҳбари Pak Tea Sun одамларни кўп ойлик тўланадиган ишдан бўшатиб¸ паст ойлик тўланадиган вазифага қўйганлигидан шикоят қилди.

Шу корхонада ип йигирувчи бўлиб ишлайдиган яна бир аëл эса¸ корхона раҳбарларининг маҳаллий ишчиларга "қул каби" муносабатда бўлаëтганидан Касаба уюшмасига шикоят қилса ҳам, вазият ўзгармаганинини таъкидлади.

Суҳбатдошга кўра¸ иш вақтида озгина чалғиган ëки телефонига қараган ходимларга¸ назоратчилар ортиқча дакки бериб¸ асабий муҳит яратмоқда.

Daewoo textile LLC қўшма корхонаси Kасаба уюшмаси раиси Гулнора Юсупова олий маълумоти бўлмаганларнинг бошқа ишга ўтказилганини тасдиқлади ва Тошлоқдаги вазиятни махсус ўрганишини билдирди.

Қўшма корхонанинг ишчиси¸ маҳаллий ходимларнинг чет эллик бошқарувчилар тарафидан камситилиши¸ асосан¸ учинчи сменада юз бераëтганини иддао қилди. "Тошлоқдаги корхонага Pak Tea Sun раҳбар бўлиб келганидан сўнг ичкарида одам сони қисқариб, ишчиларни қийнаш бошланди. Айниқса, учинчи сменада ишчиларни арзимаган баҳона билан сўкиб, бақириб камситиш одат тусига кирди. Бу сменадаги аëллар тазйиққа нишон бўлиб хўрланмоқда. Ишдан айрилмай деб чидаяпмиз. Лекин биз қул эмасмизку!", дейди суҳбатдош.

Яна бир ип йигирувчи аëл хорижий бошқарувчини дискриминацияда айблаб¸ Касаба уюшмасига ариза берганини айтади. "Устимдан кулади раҳбар. Бирор арзимас камчилик қилсам¸ ëнидаги билан ўз тилида гаплашиб¸ масхара қилади. Бу мавзуда корхона профкомига ҳам ëзиб бердим. Эътибор ҳам қилмади. Ҳамма кўз юммоқда"¸ дейди бу суҳбатдош.

Корхонанинг яна бир кекса ишчиси 20 йилдан бери ишлаëтгани ва кейинги пайтда аҳвол ëмонлашганини айтади. "Муҳит салбийлашди. Илгари йўқ бўлган таниш-билишчилик авж олди. Чет эллик бошлиққа яқин бўлганлар кимни ишдан бўшатиш ва кимни лавозимга кўтаришни ўзаро ҳал қиладиган бўлишди. Бошлиқнинг олдида бош эгиб таъзим қилишни жорий қилишди. Балки Жанубий Кореяда шундай одат бордир¸ аммо биз ўзбеклар учун бу таҳқир каби туюлади"¸ дейди корхонада 20 йилдан бери ишлаëтган ишчи.

Касаба уюшмаси раиси Гулнора Юсупованинг айтишича¸ хорижга экспорт қилинадиган газлама ишлаб чиқарилган корхонада сўнги 6 ой ичида ҳеч ким сабабсиз ишдан бўшатилмаган.

«Daewoo Textile» ширкати Фарғона ва Бухоро вилоятларида тўртта корхонага эга. Ширкат расмийсига кўра¸ бу корхоналарда тўрт мингдан зиëд маҳаллий ишчи меҳнат қилади

Бу корхоналарда ишлаб чиқарилган газлама маҳсулотининг тўлиғича экспорт қилиниши айтилади.

XS
SM
MD
LG