Ссылки доступа

Қозоғистонда собиқ банкир Жомарт Ертаевнинг ҳибсга олиш муддати яна узайтирилди


Олмаота Тергов суди Россиядан экстрадиция қилинган собиқ банкир Жомарт Ертаевнинг ҳибсда ушлаб туриш муддатини узайтирди. Маълумки, у ватанида RBK банки раҳбарининг маслаҳатчиси бўлиб ишлаганида пулларни ўзлаштирганликда алоқадорликда гумон қилинмоқда.

Олмаота шаҳар суди матбуот котибининг журналистларга маълум қилишича, суд Ертаевни ҳибсда ушлаб туриш муддатини 15 августгача узайтирди.

RBK банки рахбарининг собиқ маслаҳатчиси Жомарт Ертаев “жиноий жавобгарликка тортилиши мақсадида” Россиядан экстрадиция қилингани ва Остонадаги тергов изоляторига жойлаштирилгани ҳақида Бош прокуратура 15 март куни хабар берган эди. Унинг ҳибсда ушлаб турилиши 15 мартдан бошлаб ҳисобланган ва 15 майда бир ойга узайтирилган эди.

Қозоғистонда Ертаев “хизмат вазифасидан фойдаланиб, бошқа шахслар тил бириктирган ҳолда” RBKдан «2011 йилдан 2017 йилга қадар 144 миллиард тенге (390 миллион долларга яқин) пулларни ўзлаштиришни уюштирганликда” гумон қилинмоқда. Ўшанда прокуратура бу иш бўйича Ертаев билан бирга 54 киши гумондор сифатида, жумладан банкнинг 41 ходими кўрилаётганини маълум қилган эди.

Ўтган йилнинг кузида Россия ОАВ Ертаевнинг адвокатига таянган ҳолда Москва уни Қозоғистонга экстрадиция қилишдан воз кечганини маълум қилган эди, чунки Россия ИИВ миграция масалалари бўйича Москва шаҳар бошқармаси Ертаевга қочқин мақомини берган эди. Аммо кейинроқ, Россия Бош прокуратураси Ертаевни Қозоғистонга топшириш борасида қарор қабул қилгани маълум бўлди. Сўнгги йилларда Москвада яшаган бизнесменнинг адвокатлари прокуратура қарорининг қонунийлиги юзасидан судлашди, бироқ суд инстанциялари қарорнинг “асосли” эканлигини тан олишди.

XS
SM
MD
LG