Ссылки доступа

Олмаотада 20 нафар ўзбекистонлик муҳожир ҳужжатсиз ва пулсиз қолгани тасдиқланди


Ташқи ишлар вазирлиги Олмаота вилоятининг Каскелен шаҳридаги вақтинча сақлаш жойида Ўзбекистоннинг 20 фуқароси ушлаб турилганини тасдиқлади.

Аввалроқ ижтимоий тармоқларда ўзбекистонлик мухожирлар билан боғлиқ вазият ҳақида хабарлар пайдо бўлган эди.

Вазирликнинг билдиришича, 23 июнь куни Олмаотадаги Ўзбекистон консулхонаси вакиллари воқеа жойига борган. Дипломатлар Хоразмдан келган мазкур муҳожирлар Олмаота вилояти Жамбил тумани Минбаево қишлоғидаги ғишт заводида март ойидан бери ишлаб келганини аниқлаганлар.

Хабарда айтилишича, ғишт заводининг хўжайини ўзбекистонликларнинг барча ҳужжатларини олиб қўйган ва ойлик иш ҳақларини бермаган. Шундан сўнг муҳожирлар маҳаллий полиция бўлимига мурожаат қилганлар.

“Хорижлик ишчи кучини ноқонуний равишда ишга ёллаганлик айблови билан тергов олиб борилмоқда, Ўзбекистон фуқаролари Каскелен шаҳридаги 1-сонли вақтинча сақлаш жойида тергов ҳаракатларини олиб бориш учун ушлаб турилибди. 24 июнь куни суд бўлиши кутилмоқда”, дейилади расмий маълумотда.

Бироқ ҳозирча суд қандай қарор чиқаргани маълум қилинмаган. Олмаотадаги Ўзбекистон Бош консулхонаси вазиятни ўз назоратига олгани билдирилди.

XS
SM
MD
LG