Ссылки доступа

Шоу бизнес вакиллари Гулнорага муҳаббат изҳор этишда янги пойга бошлади


Тошкентдаги блогерлардан бири¸ блогер ва шоу бизнес вакилларига президент администрациясининг айрим мутасаддиларидан махсус буйруқ бўлганини иддао қилди.

Шахси сир қолишини сўраган блогер мазкур кампания жамоатчиликни Гулнора Каримованинг озодликка чиқишига тайëрлаш ва бу эҳтимолга ижобий муносабатни шакллантириш учун уюштирилганини билдирди.

“Божалар” гуруҳи солисти Жаҳонгир Позилжонов ўзи ва оиласининг Гулнора Каримова билан бирга тушган суратини қўйиб: "Сизни соғиндик. Тезроқ эсон-омон оилангиз бағрига қайтишингизни тилаб қоламиз¸ сиҳат саломатлик тилаймиз"¸ деб ëзди.

Бу ëзуви охирида Позилжонов Имон Каримова ва Гулнора Каримованинг Instagram аккаунтини белгилади (tag).

Қизиқчи Ҳалима Ибрагимова ҳам 25 июнь куни Instagramда Каримова ҳаққига дуо қилаëтганлар сафига қўшилди. Каримованинг шуҳрат ва қудрат шоҳсупасида бўлган пайтидаги суратини қўйган Ҳалима Ибрагимова: "Оллоҳим қўлласин. Фарзандларингизга бош бўлинг¸ тану жониз соғ бўлсин. Сизи дуогўйларингиз кўп¸ Вы мой кумир"¸ - деб ëзди ва бу ëзувида у ҳам Имон Каримова ва Гулнора Каримова аккаунтларини белгилаб қўйди.

Ҳалиманинг Instagramдаги 1¸6 миллион фоловеридан 10 мингдан ошиғи “ëқди” деб ëзган бу пост¸ бир неча соатдан сўнг ғойиб бўлди.

25 июнь куни ижтимоий тармоқ¸ хусусан¸ Instagramдаги ўзбекистонлик фойдаланувчиларни “ғувиллатган” Гулнора Каримова ҳақидаги дуогўйликка шоу бизнеснинг Шаҳзода Матчонова¸ Зиëда¸ Далер Субҳонов¸ Дилфуза Қодирова каби қатор бошқа вакиллари¸ шунингдек¸ танилмаган юзерлар ҳам қўшилди.

Улардан айримлари “Алҳамдулиллаҳ, иншаллаҳ, Оллоҳим ўзингга шукур дуолар қабули учун Роббим”¸ деб ëзган бўлса¸ бошқалари “У яқинда қайтади¸УРА!” деб байрам бошлади.

Блогерлардан бири ижтимоий тармоқларда фоловерлари кўп бўлган блогер ва шоу бизнес намояндаларига Гулнора Каримованинг озодликка чиқишини сўраб ëзиш ҳақида “тепадан” оғзаки буйруқ берилганини билдирди.

Бу блогер “тепа” атамасига аниқлик киритиб¸ президент администрацияси таркибидаги ваколатли идора ва унинг раҳбари номини тилга олди.

Блогернинг айтишича¸ топшириқ Гулнора Каримованинг яқин орада озодликка чиқарилишига ижтимоий фикрни тайëрлаш ва унинг халқдан сўраган кечирими ижобий қабул қилингани “муждасини ëйиш” мазмунида бўлган.

Ўзбекистондаги маданият ва санъат намояндалари фаолияти учун лицензия берувчи “Ўзбекконцерт” давлат муассасасининг мулозимлари¸ ўнлаб санъаткорнинг миллиардлаб долларлик халқ мулкини ўғирлашда айбланган Гулнора Каримовани бир кунда олқишлаб¸ унга озодлик сўраб чиқиши тасодифми¸ ëки бу махсус уюштирилган кампаниями¸ деган саволига жавоб беришга қийналди.

“Бундай буйруқни биз бермадик. Бизнинг бу ишга алоқамиз йўқ. Агар улар Гулнора Каримова ҳақида ëзган бўлса¸ бу уларнинг шахсий фикри¸ бизга алоқаси йўқ!”¸ деди “Ўзбекконцерт” давлат идораси лицензия бўлими мутасаддиси.

Каримованинг Швейцариядаги адвокати Грегуар Манжа (Grégoire Mangeat) 15 июнь куни ўз мижозини Зангиота қамоқхонасида кўргани ва унинг саломатлиги ëмон аҳволда экани ҳақида Twitterда ëзган эди.

Адвокати билан сўнгги учрашувдан сўнг Каримованинг халқ ва президент Шавкат Мирзиëевга қилган мурожаати очиқланди.

Бу мурожаатда Каримова ўз бойликлари¸ хусусан¸ Швейцарияда музлатилган пулларни Ўзбекистонга қайтаришда ҳукумат билан ҳамкорликка тайëрлиги¸ бунинг эвазига ўзининг амнистия қилиниши сўради.

XS
SM
MD
LG