Ссылки доступа

Манбалар: Душанбе қамоқхоналарида оммавий тартибсизликларнинг олди олинди


Душанбе шаҳридаги №1 қамоқхонасида 20га яқин маҳбус жазони ижро этиш муассасида тартибсизликларни келтириб чиқармоқчи бўлди, дея хабар берди Радио Озодига Тожикистон Адлия вазирлигига қарашли Жазони ижро этиш бош бошқармасидаги манба.

Бу маълумотни мустақил манбалардан тасдиқлашнинг имкони ҳозирча бўлмади.

Манбанинг сўзларига қараганда, биринчи сон қамоқхонада тартибсизликларга тайёргарлик бўлаётгани ҳақида Вахдат колониясида юз берган исёндан сўнг жазони ижро этиш муассасида ўтказилган текширувдан кейин маълум бўлди. 19 май куни кечқурун Вахдат қамоқхонасида тартибсизликлар юз берди, бунинг оқибатида 32 киши, жумладан уч нафар назоратчи ҳалок бўлди.

«Биринчи сон қамоқхонада исён кўтармоқчи бўлган йигирмага яқин маҳбус алоҳида бинога ўтқазилди. Уларнинг ҳаммаси экстремистик ташкилотлардаги фаолияти учун узоқ муддат қамоқ жазосига ҳукм қилинган эди. Маҳбуслар исёнга диққат билан тайёргарлик кўришган – махфий жойдан арматура ва темир бўлаклари топилди», -деди ўз номини ошкор қилишни истамаган Тожикистон Адлия вазирлиги Жазони ижро этиш Бош бошқармаси(ЖИЭББ) ходими.

ЖИЭББ раҳбарияти пойтахтдаги қамоқхонада тартибсизликларга тайёргарлик борасидаги хабарни тасдиқламади ва шу билан бирга инкор ҳам қилмади.

Шу билан бирга, бошқа бир манбанинг сўзларига қараганда, тартибсизликлар Душанбеда жойлашган бошқа бир - № 7 қамоқхонада ҳам юз бериши мумкин экан. «Еттинчи сон қамоқхонада маҳбусларнинг исёнининг олди олинди. Менга маълум бўлишича, ушланганларнинг айби ҳозирча тасдиқланмади, аммо терговчиларда фитначиларга қарши далиллар бор. Тартибсизликларни келтириб чиқармоқчи бўлган гуруҳларнинг “амир”лари ушланди», - дея таъкидлади манба.

Вахдатдаги қаттиқ режимли колонияда 19 май куни тунда исён юз берди. Расмий версияга кўра, тартибсизликларни “Ислом давлати” террор гурухи тарафдорлари уюштирган: улар назоратчиларга ҳужум қилиб, уч қўриқчини ўлдирди, шундан сўнг маҳбуслар ўлдирилди. Бир неча киши, жумладан сўфизм тарафдорлари бўлмиш Саидмахдихон Сатторов (Шейх Темур), собиқ мухолифатчилар Саид Қиёмиддин Ғози ва Саттор Каримовнинг боши танасидан жудо қилинди, ўнлаб кишилар калтаклангани боис жароҳат олди. Исёнкорлар қамоқхонанинг тиббиёт қисмини ёқиб юборишди.

Бироқ Тожикистон расмийларининг оппонентлари ҳодиса юзасидан тарқатилган расмий версияга ишонишмаяпти. Таркибига республикада фаолияти тақиқланган Тожикистон Ислом Уйғониш партияси ҳам кирган Тожикистон Миллий Альянси зудлик билан мустақил халқароо тергов комиссияси тузилишини талаб қилди. Халқаро комиссия таркибига Тожикистон хукмати, фуқоролик жамияти, яқинда юз берган ҳодисаларнинг қурбонларининг оила аъзолари ва қариндошлари, шунингдек БМТ ва Халқаро Қизил Хоч қўмитасининг ходимлари киритилиши таклиф қилинди.

XS
SM
MD
LG