Ссылки доступа

Ўзбекистон ТИВ Қозоғистонда тўхтатилган поезд йўловчилари тақдири ҳақида маълум қилди


Қозоғистонда тўхтатилган поезд йўловчилари Тошкентга автобусда боришади, дея хабар берди Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати.

Ўзбекистоннинг Олмаотадаги бош консулхонаси маълумотига қараганда, 25 июн куни Уфадан йўлга чиққан №382 темир йўл рейсининг қолган барча йўловчилари Тошкентга автобусларда юборилди.

«Арисдаги портлашлар муносабати билан Туркистонда тўхтатилган «Российские железные дороги»нинг №365 Челябинск-Тошкент рейси йўловчилари ҳам Туркистон вилояти(Қозоғистон) ҳокимиятининг кўмаги билан «Жибек жолы» – «Ғишт-Кўприк» НЎПга етказиб қўйиладилар, у ердан эса “Ўзавтотранспрт” автобусларида Тошкентга етказиладилар», – дейилади матбуот хизмати хабарида.

№370 «Новосибирск – Тошкент» темирйўл рейсининг 25 июнь куни Чимкентда тўхтатилган поездининг 264 нафар йўловчилари 26 июнь куни эрталаб Тошкент сари йўлга чиқдилар.

Эслатиб ўтамиз, Қозоғистоннинг Туркистон вилояти Арис шаҳрида юз берган фавқулотда ҳодиса туфайли бир нечта поезд тўхтатилди. 24 июн куни эрталаб Қозоғистон жанубидаги Арис шаҳри яқинидаги ҳарбий омборда ўқ-дорилар портлаши оқибатида ёнғин келиб чиқди. Ўн минглаб одамлар шоша-пишша шаҳарни тарк этди, бир неча минг киши эвакуация учун ажратилган транспортда олиб чиқилди. Эвакуация қилинганларнинг кўпчилиги Чимкентга – шаҳар мактаб ва масжидларига жойлаштирилди.

Бундан аввал Қозоғистон ИИВ баёнот бериб Арисдаги портлашлар сусайгани, аммо вақти-вақти билан юз бериб тураётганини маълум қилди. Шу сабабли ҳам ўт ўчирувчилар алангани ўчириш учун ҳодиса жойига бора олмаяпти. Расмийлар 25 июн куни берган хабарларга қараганда, ҳозирча одамларнинг Арисга қайтиши хавфли, чунки шаҳарда портлашлар такрорланиши мумкин.

XS
SM
MD
LG