Ссылки доступа

Тоштурмада маҳбусни ургани учун жазоланган нозирлар ҳукмдан норози (видео)


Халқ орасида “Тоштурма” дейиладиган ЖИЭББ (Жазони ижро этиш Бош Бошқармаси)га қарашли биринчи тергов ҳибсхонасида маҳбусни резина таëқча билан урганликда айбланган икки сафдор суд ҳукми билан икки йилга ахлоқ тузатиш ишларига жалб қилинди. Айбланувчилар ҳукмдан норози.

21 июнь куни ўтган Тошкент вилояти апелляция суди қуйи инстанция қарорини ўз кучида қолдирди.

Маҳбусни урганликда айбдор деб топилганлар ЖИЭББ тизимидан четлаштирилди.

Маҳбусни ургани учун жазоланган қамоқхона нозирлари яқинларининг иддао қилишича, суд ҳукми адолатсиз бўлган.

- Норозимиз. Ҳукм устидан Олий судга арз қиламиз. Чунки бу икки одам оиланинг ëлғиз боқувчиси. Улар қоидага кўра¸ ҳаракат қилишган. Маҳбус уларга ташланмоқчи бўлганида қоида асосида уни тинчлантиришган.

Матбуотга гапириш ваколати йўқлиги туфайли исми сир қолишини истаган ЖИЭББ вакилининг айтишича, бу икки нозирнинг ҳаракатларида яққол жиноий аломат кўринмайди.

- Ички хавфсизлик тизими 2018 йил октябрда юз берган бу ҳодисани ўрганиб чиқди. ТХ-1 тартибот ва қўриқлаш бўлими назоратчилари А.М ва А.А қоидага кўра 2 блок 3403 рақамли камерада тўполон кўтарган маҳбус Ж.Б ни тинчлантирган. Маҳбус масофани сақламагани боис, у "резинка таëқ махсус воситаси" билан елка қисмига бир марта урилган. Бу ҳолатда жиноят аломати йўқ. Ижро интизоми бузилган. Махсус восита қўллангани юзасидан баëннома тузилмаган. Бунинг учун биринчи тергов ҳибсхонасидаги 8 ходимга интизомий жазо тарзида ҳайфсан берилди¸ дейди воқеадан хабардор мулозим.

Овозсиз видеотасвирда Тоштурма қамоқхонаси коридори дея ишонилган сахн акс этган. Камералардан бирининг кормушкаси (Овқат (баланда) берадиган туйнуги) очилиб ëпилади. Қоидага кўра, кормушка ëпиқ бўлиши керак.

Воқеа жойига етиб келган сафдор фавқулодда ҳолат тугмасини босгани видеода кўринади. Бир оздан кейин резинка таëқ ушлаган яна икки сафдор етиб келади. Камера эшиги очилиб, ичкаридан оқ кўйлак кийган ўрта бўйли тўладан келган маҳбус чиқади.

Кадрда аристоннинг қамоқхона нозирлари билан ади-бади айтишгани кўринади. Кейин сафдорлардан бири маҳкумнинг қорнига резинка дубинканинг учи билан зарба беради. Яна бир сафдор маҳбуснинг елкасига дубинка билан бир марта туширади.

Маҳбус чўккалаб ўтириб қўли билан юзини бекитиб¸ мени урманглар деган қиëфада акс этади. Воқеа жойига яна бир нозир етиб келади. Сафдорлар ҳамроҳлигида маҳбус қорнини чангаллаб кетаëтгани акс этган.

Тошкентлик ҳуқуқшунос Одилбек Раҳимбердиевга кўра¸ ЖИЭББ тизимидаги нозирлар фавқулодда ҳолат тугмаси босилган пайтда резина дубинка қўллашига мавжуд инструкция изн беради, аммо:

- Видеодан кўриниб турибдики, маҳбус нозирга қараб ҳамла қилган бўлса ҳам сафдор хаëтини хавф остига қўядиган салоҳиятда бўлмаган. Урмасдан тинчлантириш имкони мавжуд эди. Шу маънода бу нозирларга интизомий жазо бериш мумкин. Нозир ҳаракатида жиноий аломат кўрмадим, деди ҳуқушунос.

Тошкентлик ҳуқуқшунос Одилбек Раҳимбердиев бу ҳаракатнинг судда малакаланишига ҳам эътироз билдирди:

- Бу иккала нозир Жиноят кодексининг 206 моддасига кўра айбли деб топилди. 206-модда мансаб ваколати доирасидан четга чиқишни билдиради. Бу моддада “мансабдор шахснинг ўзига қонун билан берилган ваколатлар доирасидан четга чиқадиган ҳаракатларни қасддан содир этиши” деган жумла бор. Сафдор бу мансабдор тоифасига кирмайди. У оддий ижрочи ходим. Шу боис бу иккала нозир қилмишига ноадекват жазоланган деган фикрдаман, дейди ҳуқушунос.

2018 йилнинг 30 октябр кечаси Тоштурмада навбатчилик қилган сержантнинг даъво қилишича¸ ана шундан кейин 3403 рақамли камера маҳбуси ўз адвокати орқали порталга ариза ëзган:

-Ҳамма ëқни прокуратура ходимлари босиб кетди. Махсус прокуратура ходимлари келиб ўша куни навбатчи бўлган назоратчиларни қатор тизиб уриб-уриб ташлашди. Қийноқ қўллаганингни бўйнигга ол,деб мушти билан қорнимга солди¸ дея иддао қилади сержант.

Махбус Ж.Б.нинг яқинлари унинг тўрт марта жиноий жавобгарликка тортилганини тасдиқлашли. Уларнинг айтишича¸ 2018 йилнинг 30 октябрида фирибгарлик жиноятида гумонланиб қамоқда ўтирган ЖБ руҳий тушкунлик ва стресс боис эшикни тепган:

- Унга ҳаво етишмаган. Докторни чақиринг, деб сўраган. Асабий ҳолатда бўлган¸ дейди калтакланган маҳбуснинг яқинларидан бири.

Тошкентлик ҳуқуқшунос Одилбек Раҳимбердиевнинг айтишича, Тоштурмада маҳбусларни урди, дея жазоланиш ҳолати ўта кам кузатилган.

XS
SM
MD
LG