Ссылки доступа

Арисдан эвакуация қилинган юзлаб одамлар норозилик сифатида Чимкент кўчаларини тўсиб қўйди


24 куни қурол-аслаҳа омборида юз берган портлаш туфайли Чимкентга эвакуация қилинган юздан ортиқ одам расмийлар билан учрашув ўтказилишини талаб қилиб «Акмешит» масжидига элтувчи йўлни тўсиб қўйишди.

Тўпланганлар ҳукуматдан ёрдам олишмаётганидан ҳайратга тушаётганликларини айтишмоқда. Улар шаҳар жомеъ масжидига элтувчи асосий йўл бўлмиш Тамерлановка шоссесини беркитиб қўйишда давом этаверишларини таъкидлашмоқда. Айримлар ўзларини Арисдаги вайрон бўлган уйларига қайтармасликларини, балки бошқа аҳоли пунктларидан уй ва участка берилишини талаб қилишмоқда.

Чимкент шаҳар раҳбари Габидулла Абдирахимов келганидан кейин норозилик намойиши ўтказаётганлардан айримлари музокоролар ўтказиш учун «Акмешит» масжиди ичкарисига киришди.

Тўпланганлар олдида чиқиш қилган Абдирахимов ҳукумат портлашлар оқибатида вайрон бўлган Ариснинг инфратузилмаларини қайта тиклаш учун маблағ ажратиш ниятида эканлигини айтди. У қаердадир ёрдам кечикан бўлса, бунинг учун узр сўрашини билдирди.

Норозилик билдираётганлар ўзларини Чимкент ва вилоят маъмурий маркази Туркистонга жойлаштиришларини талаб қилдилар. Уларнинг айтишларича, 2009 йилдан бери ҳарбий обьектда камида тўртта портлаш юз берган шаҳарда яшамоқчи эмаслар.

Абдирахимов Арис аҳолиси учун Чимкентда уй ва участка беришнинг имконияти йўқлигини айтди. Чунки Чимкентнинг ўзида уй олиш учун навбатда турганлар кўп экан. Унинг сўзларига қараганда, Чимкентда уй олиш учун 150 минг киши турибди. Ҳоким ва намойиш иштирокчилари ўртасида мулоқот бўлиб ўтмади.

Масжид яқинида турган Арис аҳолиси куни кеча шаҳарда бўлиб қайтишганини айтишди. Уларнинг сўзларига қараганда, ўқ-дориларнинг портлаши ва шундан кейинги ёнғинлар туфайли шаҳарда нафас олиб бўлмай қолди. Уларнинг айтишича, уй ҳайвонлари ва паррандалар нобуд бўлди, кўплаб уйлар вайрон бўлди ёки шикастланди.

Чимкентдан бир ярим соатлик масофада жойлашган Арис шаҳри Чимкент агломерация таркибига киради. Расмий маълумотларга қараганда, 24 июн куни шаҳардан 41 мингдан ортиқ киши эвакуация қилинди. Улардан айримлари «Акмешит» масжиди ва Чимкентдаги эвакуация пунктларига жойлаштирилди.

Расмий маълумотларга қараганда, Арисдаги ўқ-дори омборида юз берган портлаш оқибатида уч киши, жумладан икки ҳарбий ҳалок бўлди. Расмий ахборотга кўра, ҳалок бўлганлар орасида машинасига снаряд тушган Арисда яшовчи фуқаро ҳам бор. Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълум қилишича, тиббий ёрдам сўраб 165 киши мурожат қилди. 89 киши шифохонага ётқизилди, 76 кишининг уйга кетишига рухсат берилди.

XS
SM
MD
LG