Ссылки доступа

Залмай Халилзад: Тожикистон ўзининг нуфузи билан афғонларни тинчлик ва бирликка ундаши мумкин


Залмай Халилзад
Залмай Халилзад

Тожикистон ўзининг нуфузи билан афғонларни тинчлик ва бирликка ундаши мумкин, дея баёнот берди АҚШнинг Афғонистонни барқарорлаштириш бўйича махсус вакили Залмай Халилзад Душанбеда журналистлар билан бўлиб ўтган учрашувда.

АҚШ Афғонистонда тинчлик ўрнатиш йўлидаги ҳуқуқларни монополия қилиш ниятида эмас: бу жараёнда, Халилзаднинг сўзларига қараганда, барча мамлакатлар, жумладан Тожикистон ҳам иштирок этиши мумкин.

Тожикистон қўшни мамлакатларда ўзаро низолашаётган томонлар ўртасида музокаралар йўли орқали тинчликка эришига ҳаракат қилади. Тожикистон ва Афғонистон ўртасидаги чегаралар 1344 километрни ташкил қилади. Душанбенинг фикрича, Афғонистон муаммосининг ҳал қилиниши минтақадаги барқарорлик ва хавфсизлик кафолати ҳисобланади.

«АҚШ Россия ва Хитой билан Афғонистондаги тинчлик масаласида келишувга эришди. Вашингтон бошқа мамлакатлар ҳам ўз ҳиссаларини қўшишларига умид қилади. Тожикистон ва Марказий Осиё бу борада етакчи бўлиши мумкин», - дея таъкидлади Залмай Халилзад.

АҚШнинг Афғонистон масаласи бўйича махсус вакили мамлакатда узоқ йиллардан бери давом этиб келаётган низоларга барҳам бериш мақсадида “Толибон” харакати билан камида олти марта музокаралар ўтказди. Яқин орада музокараларнинг навбатдаги раунди ўтказилади. Халилзаднинг таъкидлашича, Вашингтон Афғонистондаги можароларни бартраф этишга қатъиян киришган – АҚШ бир йилда Афғонистондаги уруш учун 30 дан 50 млрд. долларгача сарфлайди.

«Афғонистондаги тинчлик ҳар томонлама бўлиши керак. Агар бир гуруҳ, бир қабила ёки бир партия ўз рақибларини куч билан сиёсий саҳнадан олиб ташлаб хокимиятни эгаллаб олмоқчи бўлса, бу шубҳасиз урушга олиб келади», - дея таъкидлади Залмай Халилзад.

Залмай Халилзад Афғонистондан АҚШ қўшинларини олиб чиқиш борасидаги саволга жавоб берар экан, бу Афғонистондаги вазиятдан ва мамлакатда тинчлик жараёнлари доирасида эришиладиган музокараларга боғлиқ эканлигини таъкидлаб ўтди. Йил бошида президент Дональд Трамп баёнот бериб, агар маҳаллий расмийлар “Толибон” жангарилари билан тил топа олса у ҳолда АҚШ ҳарбийлари Афғонистондан олиб чиқилишини маълум қилган эди.

АҚШнинг Афғонистон масалалари бўйича махсус вакили Залмай Халилзад 26 июн куни Душанбега келди. Пайшанба куни Тожикистон пойтахтидаги Миллат саройида Тожикистон президенти Эмомали Раҳмоннинг Залмай Халилзад билан учрашуви бўлиб ўтди.

XS
SM
MD
LG