Ссылки доступа

Қозоғистон пештахталарида гўшт камайди, нархлар кўтарилди


Қозоғистонда гўшт қимматлади. Сотувчиларнинг айтишларича, бу ёқилғи ва ем-озуқаларнинг нархлари қимматлашиб кетиши билан боғлиқ. Расмий маълумотларга кўра, Қозоғистон мол, қўй ва чўчқа гўштини экспорт қилишни кўпайтирди.

Олмаота вилоятидаги Жетиген мол бозоридаги сотувчи ва харидорларнинг сўзларига қараганда, бу йил нархлар сезиларли кўтарилди. Бозорда икки ёшли қўй 50 дан 55 минг тенге ($130-$145), қишда туғилган қўзичоқ – 30–33 минг тенге ($78-$86)га баҳоланмоқда. Майда шоҳли ҳайвонинг энг арзони бўлмиш эчки 22 минг тенге ($60) турибди. «Товар»нинг катта қисми– ориқ ва сўйиш учун яровқсиз қўйлардир. Йирик шоҳли моллар нархи сўнгги вақтда кўтарилди: бир ёшли бузоқ 200 минг тенге ($523) туради.

Ўтган йилнинг баҳор ойлари сўнггида қўзилар 15 минг тенге ($40), қўйлар 30 минг тенге ($80) эди.

"Ҳозир бозорда сотувда моллар кам. Чунки яйловлардаги моллар вазн тўпламаган. Сотувга қўйилган моллар ем еб семирган. Бу ерда ем ва пичанлар нарҳи ҳам қўшилган", –дея нархлар оширилишини изоҳлайди сотувчилар.

Олмаотадаги шаҳарнинг энг йирик бозорларидан бири Яшил бозорда сўнгги ойларда нархлар кўтарилиб кетди.

Ўзини Жанар дея таништирган ёш аёлнинг айтишича, сўнгги ойларда гўштлар камайиб кетди ва юқори нархларда олиб келинмоқда.

"Ҳозир от ва мол гўшти Россия ва Хитойга экспорт қилинмоқда. Шу сабабли ҳам биз қиммат гўшт олаяпмиз. Қиммат гўштларни сотиш қийин бўлаяпти. Ҳозир аввалгидек эмас, харидорлар кам", – дейди Жанар.

13 йилдан бери улгуржи гўшт сотиш билан шуғулланиб келаётган Саяхат Асимханнинг айтишича, ишлаб чиқарувчилар ўз маҳсулотларини имкон қадар Россия ва Ўзбекистонга олиб чиқишга уринади. Унинг таъкидлашича, гўшт Россия, Эрон ва Хитойга сотила бошлаганидан кейин Қозоғистонда нархлар кўтарилиб кетди.

Қозоғистон қишлоқ хўжалик вазирлигининг маълум қилишича, 2018 йилда Қозоғистон 16 минг тонна мол гўштини экспорт қилган ва 15 тонна импорт қилди.

Вазирлик маълумотига кўра, ўтган йили Қозоғистон бир миллион тоннадан ортиқ гўшт, жумладан 480 минг тонна мол гўшти, 150 минг тоннадан ортиқ қўй гўшти, 20 минг тонна эчки гўшти, 86 минг тонна чўчқа гўшти, 126 минг тонна от гўшти, 192 минг тоннага яқин товуқ гўшти ва олти ярим минг тоннадан кўпроқ туя гўшти етиштирган.

XS
SM
MD
LG