Ссылки доступа

Арис аҳолисига товон учун $11,7 миллион керак бўлади


Туркистон вилоятининг Арис аҳолисига товон тўлаш учун ҳукумат ҳар бир фуқарога 100 минг тенге (амалдаги курс бўйича $263) дан ажратишни режалаштирмоқда.

Шу мақсадлар учун 4 миллиард 478 миллион 100 минг тенге ($11,7 млн) керак бўлади, дея маълум қилди вилоят хокимнинг ўринбосари Жолдимурат Аманбаев журналистлар билан бўлиб ўтган учрашувда.

Зарур маблағларни вилоят ва республика бюджетларидан, шунингдек, Арис аҳолисига ёрдам кўрсатиш мақсадида аҳолидан келиб тушган пуллар хисобидан ташкил этилган корпоратив-ижтимоий жамғармадан олиш кўзда тутилмоқда.

«Бугун соат 12 га қадар жамғармага 1 миллиард 219 миллион 934 тенге ($3 млн) келиб тушди. Бу жамғарманинг бир тийини ҳам ишлатилмади», — деди Аманбаев 1 июль душанба куни журналистларга.

«Жамғарманинг ҳамма пулларини шаҳар аҳолисига йўналтирамиз. Биз пулларни ҳисоб рақамларига юборамиз. Болаларга ажратилган пулларни уларнинг ота-оналари олади. Шовқин солиш керак эмас. Биз ҳеч кимдан қўшимча равишда қоғоз тўпламоқчи эмасмиз», — дея қўшимча қилди.

24 июн куни ўқ дори сақланадиган ҳарбий омборда юз берган портлаш оқибатида, расмий маълумотларга қараганда, бир маҳаллий аҳоли вакили ва икки нафар ҳарбий ҳалок бўлди, ўн минглаб кишилар хавфсиз ҳудудларга эвакуация қилинди. Тиббий ёрдам сўраб 400дан ортиқ киши мурожаат қилди, 80 дан ортиқ киши шифохонага ётқизилди. Арисдаги уйларнинг 85 фоизининг дераза-ойналари, эшиклари ва томига шикаст етди.

XS
SM
MD
LG