Ссылки доступа

Кобул Афғонистон қамоқхонасидаги сўнгги тожик маҳбусларини Душанбега топширди


Кобул Афғонистон қамоқхоналарида жазо муддатини ўтаётган Тожикистон фуқароларининг сўнгги гуруҳини Душанбега топширди.

8 кишидан иборат гуруҳ ўтган ҳафта охирларида Тожикистон пойтахтига олиб келинди, дея Радио Озодига маълум қилди Тожикистоннинг Афғонистон Ислом Республикасидаги элчисиШарофиддин Имомов. «Шу тариқа Афғонистон қамоқхоналарида ватандошларимиз қолмади», - дея баёнот берди дипломат.

Бунга жавобан Тожикистон расмийлари Кобулга Тожикистон колонияларида жазо муддатини ўтаётган 80 нафар Афғонистон фуқаросини топшириши кутилмоқда.

Бироқ, дипломатнинг сўзларига қараганда, Тожикистон колонияларида жазо муддатини ўтаётган барча Афғонистон фуқаролари ҳам афғон расмийларига топширилмайди. «Ўта оғир жиноят содир этганлар, жумладан террор актларига алоқадор, масалан дейлик чегарачиларимизни жароҳатлаган контрабандистлар Тожикистон қамоқхоналарида қолаверади», - дея таъкидлади тожик элчиси.

Шу йилнинг май ойида Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон Афғонистон ташқи сиёсат маҳкамаси раҳбари Салохуддин Раббанига Тожикистон жазони ижро этиш муассасаларидаги 80 нафар Афғонистон фуқаросини Қобулга топширишга ваъда берган эди.

Афғонистоннинг Тожикистондаги элчихонаси берган маълумотларга қараганда, айни дамда тожик колонияларида 90дан ортиқ афғонистонлик маҳбус бор. Уларнинг кўпчилиги гиёҳванд моддалар контрабандаси ва афғон-тожик чегарасидан қонунга зид равишда ўтганликда айбланган.

2010 йилда Тожикистон ва Афғонистон ташқи сиёсат маҳкамалари раҳбарлари томонидан маҳбусларни айирбошлаш тўғрисидаги Келишув имзоланган эди.

XS
SM
MD
LG