Ссылки доступа

Мексикалик қиличбоз Паола Плиего Ўзбекистон спорт фуқаролигини қабул қилди


Мексикалик қиличбоз Паола Плиего Ўзбекистон спорт фуқаролигига қабул қилинди. Бу ҳақда ESPN нашри хабар берди.

Паола Плиего спорт фуқаролигини ўзгартирганини Мексика қиличбозлик федерациясида коррупция авж олгани билан баҳолади. Унинг айтишича, сўнгги уч йил ичида унга миллий терма жамоа таркибида халқаро мусобақаларда иштирок этишга рухсат берилмаяпти.

Нашринг ёзишича, Плиего 2016 йилда Олимпиадага уч кун қолганида допинг истеъмол қилишда айбланиб, мусобақалардан четлаштирилган. Аммо орадан бир ой ўтгач, унинг допинг истеъмол қилгани тасдиқланмади ва у тўла оқланди. Бу воқеадан сўнг 24 ёшли Плиего Мексика Қиличбозлик федерацияси раҳбариятига ишонмай қўйган.

Нашрнинг билдиришича, Ўзбекистон Плиегога халқаро мусобақаларда, жумладан, 2020 йилдаги Токио Олимпиадасида иштирок этишини кафолатлаган.

Плиего 2019 йилнинг 15 июлидан 23 июлигача Венгрия пойтахти Будапештда ўтадиган жаҳон чемпионатида илк бор Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилади.

2018 йили Россия велопойгачиси Ольга Забелинская ҳам Россия спорт раҳбарияти билан келиша олмагани ортидан Ўзбекистон спорт фуқаролигини қабул қилган эди.

Олимпия ўйинларининг уч маротаба ғолиби бўлган велоспортчи Ольга Забелинская Швейцария ва Францияда ўтган халқаро мусобақаларда иштирок этиб, Ўзбекистонга иккита олтин медални олиб келган эди.

XS
SM
MD
LG