Ссылки доступа

Тожикистонда 14 нафар маҳбус нондан заҳарланиб вафот этди


Сўғд вилоятидаги жазони ижро этиш муассасида 14 нафар маҳбус заҳарланишдан вафот этди. Фавқулотда ҳодиса 7 июль куни кечқурун 128 нафардан иборат (улар орасида 8 нафар аёл ҳам бор) гуруҳнинг Душанбе, Нурек ва Явандаги колонияларга жўнатиш вақтида юз берди.

Тожикистон Адлия вазирлиги ҳузуридаги Жазони ижро этиш Бош бошқармасининг хабар қилишича, маҳбуслар нон истеъмол қилганларидан сўнг ўзларини ёмон ҳис қилишган. Ҳодиса Варзоб туманининг Майхура деган ерида юз берди, у ерда маҳбуслардан бири уч буханка нонни 16 нафар маҳбусга тарқатиб чиқди.

«Орадан ярим соат ўтиб 16 нафар маҳбус қайд қила бошлади, шундан сўнг уларнинг боши айланди ва қуса бошладилар», дейилади Жазони ижро этиш Бош бошқармаси хабарида. Душанбега етиб келишлари билан 16 нафар маҳбуснинг ҳаммаси ҳушини йўқотди. Шифокорлар фақат икки нафарининг ҳаётини сақлаб қолишга муваффақ бўлди.

Тожикистон Бош прокуратурасининг маълум қилишича, маҳбусларнинг заҳарланиши факти бўйича жиноий иш қўзғатилди, тергов ишлари бошлаб юборилди. Дастлабки версияга кўра, маҳсулот иссиқ об-ҳавода сақлаш режимига риоя қилинмаган ҳолда тайёрлангани боис нон токсик замбуруғ билан заҳарланган бўлиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг куз ойларидан бошлаб Тожикистоннинг иккита пенитенциар муассасида икки марта исён юз берди, бунинг натижасида кўплаб маҳбуслар вафот этди.

XS
SM
MD
LG