Ссылки доступа

Бишкекда “Хавфсиз шаҳар” бўйича тушган жарималарга тез ёрдам машиналари харид қилинади


“Хавфсиз шаҳар” лойиҳаси доирасида жарима кўринишда Бишкек бюджетига тушган маблағларнинг маълум қисмини тез ёрдам хизматини яхшилашга йўналтириш режалаштирилмоқда.

Қирғизистон ҳукуматининг маълум қилишича, бош вазир Мухаммедқалий Абилгазиев ЙҲХни бузганлик учун жарима кўринишида тушган маблағларни шакллантириш ва фойдаланиш тартибига ўзгартиш киритишни таклиф қилди.

ҚР ҳукумати лойиҳа иштирокчилари ўртасида тақсимланганидан кейин Молия вазирлиги ҳисобида қолган маблағларнинг 50%ни Мажбурий Тиббиёт суғуртаси жамғармасига - тез тиббий ёрдам хизмати учун автомашина сотиб олишга, уларни зарур анжомлар билан таъминлашга, шунингдек янги тез ёрдам станцияларини очишга сарфлашга қарор қилди. Қанча миқдордаги маблағ ҳақида гап кетаётганини ҳукумат изоҳламади.

Бишкек шаҳар Тез тиббиёт маркази реанимация хизмати бўлим мудири Егор Борисов «Азаттық» радиосига берган интервьюсида, бугунги кунда Бишкекка 12 та янги тез ёрдам машинаси зарурлигини таъкидлади. Айни дамда Бишкек ҳокимлиги олтита машина харид қилиш учун тендер эълон қилди.

Унинг айтишича, энг оддий машина 2 миллион сом ($28,6 минг) туради, тўлақонли жиҳозланган реанимобилнинг нарҳи $200 мингга етиши мумкин.

Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш Бош бошқармасининг баёнот беришича, лойиҳанинг бир ойлик фаолияти давомида 18 млн сом ($260 мингга яқин)га тенг йўл транспот ҳодисаларининг бузилиши аниқланди.

XS
SM
MD
LG