Ссылки доступа

Туркманистон Мудофаа вазирлиги казармаларида аскарларга душдан фойдаланишга рухсат берилмаяпти


Туркманистон Мудофаа вазирлиги казармаларида аскарларга душдан фойдаланишга рухсат берилмаяпти. Ашхободдаги Азатлық манбасининг сўзларига қараганда, бу мудофаа вазирлигининг пойтахт марказидаги казармасида юз бермоқда.

"...Бу қайсидир вилоятда эмас. Бу марказдаги мудофаа вазирлиги блокида бўлиб ўтмоқда. Капитан Ш. казарманинг учинчи қаватидаги душхонанини беркитиб қўйди. 3-қаватида ҳар бири 24 нафар аскарга мўлжалланган бешта ётохона мавжуд, бу ерда жами 120 нафар аскар бор", - дея хабар беради Азатлықнинг Ашхободдаги манбаси.

Манбанинг сўзларига қараганда, аскарлар бир ой муқаддам душхонадан маҳрум этилган ва шахсий гигиеналари учун муқобил йўл қидиришга мажбур бўлмоқда, аммо бунинг учун жазо оладилар.

"Бир ой муқаддам капитан душхонани ёпиб қўйди, чунки аскарлар душхонани тоза сақлай олмаётган экан. Айрим аскарлар душ қабул қила олмаётганлари боис ўзларидан ёмон ҳид чиқаётганидан шикоят қилишмоқда. Айрим болалар туалетда ювинишга мажбур бўлмоқда. Айнан ўша капитан уларга бақириб, аскарлар ҳожатхонада ювинаётганини пайқаб қолганини айтмоқда. Ҳеч ким қарши чиқа олмаяпти"​, - дейди манба.

Азатлық манбасининг айтишича, юз бераётган ҳодисаларга бефарқ ёки унда иштирок этаётган капитан Ш. ва казарманинг бошқа ҳарбий амалдорлари жазосиз қолмоқда.

Бу Туркманистонда зобитларнинг ҳарбий хизматчиларга нисбатан биринчи зўравонликлари эмас. Таҳририятнинг Мудофаа вазирлигидан расмий изоҳ олиш борасидаги ҳаракатлари самара бермади.

XS
SM
MD
LG