Ссылки доступа

Оиладаги зўравонликка қарамай¸ эри билан яраштириб келинган аёл калтакланишдан ўлди


Сурхондарёда оиласидаги зўравонликларга қарамай маҳалла оқсоқоллари ва Хотин-қизлар қўмитаси босими остида эри билан мунтазам яраштириб келинган аёл калтакланиш оқибатида олган оғир жароҳатлардан касалхонада вафот этди.

Қариндошларининг айтишича, эри маст ҳолатида аëлни темир билан танаси ва бошига ваҳшийларча урган.

Шу йилнинг 9 июнь куни Сурхондарё вилоятининг Олтинсой тумани Ботош маҳалласида икки фарзанднинг онаси бўлган 32 яшар Мақсуда Алимардонова бош суягининг бир неча жойидан синиши ва танасидаги бошқа бир қанча гематомалар билан туман касалхонасининг шошилинч тиббий бўлимига ётқизилди. Бир кун ўтиб аёл олган жароҳатидан ҳаётдан кўз юмди.

Марҳуманинг онаси Зиёда Мелиқулованинг иддао қилишича, куёви Р.Ж. маст ҳолатда қизи Мақсудани ўласи қилиб калтаклаб, арматура билан бош суягини синдириб ташлаган. "Касалхонага ётқизилганида кўргани борсак таниб бўлмайдиган ҳолатда ётибди. 10 июнга ўтиб ҳушига келмасидан қизим жон берди. Мана бир ойдан ошди, милиция ёки прокуратурадан бошқа ҳеч ким сўраб ҳам келгани ҳам йўқ", - дейди Мелиқулова.

Сурхондарё вилояти прокуратурасининг мулозими воқеа юзасидан Жиноят Кодексининг 104-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов қилинааётган, хотинини калтаклаганликда гумонланаётган 37 ёшли Р.Ж қамоққа олинганини билдирди.

Зиёда Мелиқулова қизининг эри томонидан муттасил калтаклаб¸ хўрлаб келинганини айтади. "Ўн йиллик турмуши давомида эри билан 38 марта жанжал бўлди. Ҳар сафар эридан калтак еб келганида яраштириш комиссияси, сектор, аёллар қўмитаси ва маҳалла ўртага тушиб яраштиришди. Охири мана бундай бўлди", - дейди Мелиқулова.

Марҳуманинг қўшнилари ҳам аёлнинг 37 ёшли эри ичкиликка муккасидан кетгани, ҳар гал ичиб келса оилада жанжал чиқариб хотинини калтаклаб, муттасил руҳий ва жисмоний азоб бериб келганини айтди.

Маҳалла раиси Шуҳрат Хуррамов эса 2017 йил ноябрь ойида эр-хотин жанжаллашганда ўзи ва бошқа мулозимлар орага тушиб уларни яраштиргани ва ўшандан буён аёл эри калтаклаши ҳақида шикоят қилмаганини айтди.

Мақсуда Алимардонованинг 9 ва 5 ёшли икки фарзанди қолди. Болаларнинг отасига қўйилаётган айблов исботини топса у 3 йилдан 5 йилгача бўлган муддатга қамалиши мумкин.

Ўзбекистонда ички ишлар бўлимлари ҳам эридан калтак еган аёлларнинг шикоятларини камдан-кам ҳолатда регистрация қилади ëки кўриб чиқади.

Халқаро ташкилотлар Ўзбекистонда аёлларни оиладаги зўравонликдан ҳимояловчи қонуний механизмлар йўқлигини танқид қилиб келади.

Жаҳон банкининг "Аёллар, бизнес ва қонунлар - 2016" деб номланган ҳисоботида Ўзбекистон оиладаги зўравонликни тақиқловчи қонунлар йўқ бўлган 46 давлатнинг бири экани айтилади.

XS
SM
MD
LG