Ссылки доступа

Испанияликлар Ўзбекистонда изчил велотуризмни ривожлантиришни таклиф қилмоқда


Испаниянинг “Truebasport” ширкати Ўзбекистонда изчил велосипед тизимини жорий қилиш таклиф билан чиқишди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизмати маълум қилади.

Хабарномада айтилишича, Ўзбекистонда “велосипед спортини ривожлантириш туризм салоҳиятини оширишнинг бир йўналиши сифатида кўрилишига доир давра суҳбати”да қўмита раиси маслаҳатчиси Беҳруз Ҳамзаев, Ўзбекистон Велосипед спорти федерацияси вакиллари ҳамда Испаниянинг “Truebasport” ширкати раҳбари Фермин Труба ва компания менежери Оскар Кантеро қатнашиб, ўзаро ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилганлар. Туризмни ривожлантириш қўмитаси испанияликларга “Tour de silk road” номли лойиҳани биргаликда ташкиллаштиришни таклиф этган.

“Испаниялик ҳамкорлар ҳамда Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси билан биргаликда амалга оширилиши режалаштирилган мазкур лойиҳа аввало юртимизга саёҳат қилиш мақсадида ташриф буюрган хорижлик сайёҳлар учун бир манзилдан бошқасига осон ва қулай етиб олиш имконини беради. Шунингдек, юртимизда соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, шаҳарлараро велосаёҳатларни ташкил этишга ҳам ёрдам беради”, дея иқтибос келтирилади Ўзбекистон велосипед спорти федерацияси бўлим бошлиғи Хуршид Отақулов сўзларидан қўмита хабарномасида.

Учрашув якунида томонлар ўзаро манфаатли лойиҳанинг дастабки дастурини яратиш бўйича фикр алмашганлар.

XS
SM
MD
LG