Ссылки доступа

ИИБ бошлиғи 50 даража иссиқда фермерларни икки соат автобус ичига қамаб қўйди (видео)


Қашқадарё вилояти, Касби тумани ички ишлар бўлими бошлиғи Чори Кўчаров, ўзи бош бўлиб ўтказган семинарда ўндан ортиқ фермер ва миробни жазирамада турган автобус ичига икки соат қамаб қўйди.

Фермерларнинг айтишича, пахтага ортиқча сув қўйган фермер ва миробларни ИИБ бошлиғи шу тариқа жазолаган.

Семинар далага қандай қилиб ва қанча гўнг солиш, сувни меъёрида ишлатиш мавзусига бағишланган.

Семинарга бормаган ёки ўзи ўрнига иш бошқарувчисини жўнатган фермерларни олиб келиш учун ИИБ бошлиғи орган ходимларини жўнатган.

Касби тумани ИИБ бошлиғи Чори Кўчаров 14 июль куни қоқ туш пайти Манзура Ҳамроева фермер хўжалиги даласида ташкил этган семинарда ўндан ортиқ фермер ва миробни автобусга қамаб жазолагани ҳақида фермерларнинг ўзлари хабар берди.

Ҳудуд мироби Тўйчи Олтибоев ҳам қўлига кишан солинган ҳолда ИИБ бошлиғи томонидан хўрланганини айтади:

- Семинар бошланиши билан бош мироб иккимизни мелисалар олиб чиқиб кетди. Бизнинг гапимизни ҳам тинглагани йўқ, ходимларига “ол, тут” деб бақирди, бирдан қўлга кишанни уриб автобусга олиб борди. Изимиздан тўққиз фермер ўзи йўқ учун, уларнинг иш бошқарувчиларини олиб келиб автобусга тиқиб қўйишди. Ташқарида 50 даража иссиқ, автобуснинг ичи эса ёниб ётибди. Икки соат ана шундай қийноққа солди, бизни. Ташқарига чиққани ҳам қўймади. У ерда фермердан мелиса ходимлари кўп эди. Кўрган одам, фермерлар эмас, мелисалар семинари бўлаяпти, деб ўйлаган бўларди.

Фермер¸ ИИБ бошлиғи бу ҳудудда сектор раҳбари бўлгани учун, фермерларни истаганича камситаëтганини қўшимча қилди.

Фермерлар юборган видеода орган ходимларининг фермерларни автобусга олиб тиқаётган лаҳзалар акс этган.

Видеода гапираётган одам, ИИБ бошлиғи сал нарида фермерларга далага гўнг солдираётганини айтади.

Фермер¸ 2018 йилда ИИБ бўлими бошлиғи Чори Кўчаров дала шийпонини теримга тайёрлай олмагани учун ўзини ҳақорат қилганида, президент виртуал қабулхонасига шикоят қилганини эслатиб ўтади:

- Шундан сўнг ИИБ бошлиғи устидан хизмат текшируви бўлди. Ўшанинг натижасида бу кишининг юрагида менга нисбатан аламзадалик қолган. Ўзи, икки ўринбосари ва участка нозири менга қарши шай турибди, имкони бўлсаю калламни узиб ташласа.

XS
SM
MD
LG