Ссылки доступа

Тожик ҳуқуқ ҳимоячилари исён содир бўлган турмада “сиёсий маҳбус” Зайд Саидовни кўргани боришган


Қийноқларга қарши Коалиция ҳузурида ташкил этилган маҳрум этиш ва озодликни чеклаш жойи мониторинги бўйича Гуруҳнинг ҳуқуқ ҳимоячилари шу йилнинг 26 июнида Тожикистон саноат собиқ вазири, маҳбус Зайд Саидов билан учрашув ўтказишган.

Бу қамоққа олинганидан ўтган 6 йилдан бери мустақил ҳуқуқ ҳимоячиларининг Саидов билан биринчи учрашуви бўлди. 29 йиллик қамоқ жазосига ҳукм этилган собиқ тадбиркор ва рўйҳатга олинмаган сиёсий партия ташаббускори шу йилнинг май ойида исён чиққан Вахдат шаҳридаги қамоқхонада сақланмоқда.

Қийноқларга қарши коалициянинг 29 июль кунги баёнотида айтилишича, Зайд Саидов мониторинг гуруҳи 2019 йилнинг олти ойи мобайнида ташриф буюришга муваффақ бўлган ягона маҳбус бўлди. Хабарларда айтилишича, учрашувда инсон ҳуқуқлари бўйича Ваколатли вакил Умед Бобозода, инсон ҳуқуқлари бошқармаси аппарати ходими Хусниддин Нидоев ва коалициянинг мониторинг гуруҳи аъзоси иштирок этди.

«Учрашув жазоловчи муассасанинг ходимлари иштирокисиз узоқ учрашувлар учун белгиланган хоналарда бўлиб ўтди, - дейилади ҳуқуқ ҳимоячилари баёнотида. – Хоналарда видеокузатув камералари аниқланмади. Кўз билан кузатиш соғлиқ билан боғлиқ муаммо йўқлигини кўрсатди, яхши юради, яхши ўтиради, ўзини тетик тутади, зўравонликнинг ташқи аломатлари (шилинган, қонталаш) кузатилмаган. Интервью чоғида Зайд Саидов соғлиғи юзасидан алоҳида шикоятлари йўқлигини, ошқозон билан боғлиқ муаммолар борлигини, шу боис диета сақлаётганини айтди. Исён чоғида яралангани ҳақидаги ахборотни тасдиқламади, исён бошланган пайтда у ухлашга боришни режалаштиргани ва барак томон йўл олгани, унинг олдига бошқа маҳбус келиб, уни у ердан олиб кетганига ишора қилди. Шу пайтда у йиқилиб тушиб, кичик жароҳатлар орттирган, зудлик билан тиббий ёрдам олган. У шунингдек, охирги марта оила аъзолари билан исёнгача учрашганини, тергов олиб борилаётган пайтда учрашувлар таъқиқланганини қайд этди. Ушлаб туриш шароитларидан бошқа шикоятлари йўқ, унга нисбатан муносабат яхши, босим йўқ, ишлаб чиқариш ишларига жалб этилмоқда, баъзида раҳбариятга маслаҳатлар бераётганини қайд этди», - дейилади ҳуқуқ ҳимоялари баёнотида.

Қийноқларга қарши коалиция ходими Фарход Бобоев З. Саидов билан учрашув бўлиб ўтганини тасдиқлади ва учрашувдан олинган барча хулосалар ташкилот баёнотида чоп этилган.

Бу ҳуқуқ ҳимоячиларининг Тожикистон қамоқхоналаридаги энг таниқли маҳбуслардан бири билан биринчи учрашуви бўлиб, мазкур ишни ўзи ва халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари сиёсий уйдирма деб атамоқда.

Тожикистон саноат собиқ вазири, тадбиркор Заёд Саидов 2019 йилнинг 19 майида хориждан қайтаётган пайтда Душанбе аэропортида ҳибсга олинган. Ўша йилнинг декабр ойи охирида у фирибгарлик, пора олиш, зўрлаш, кўп хотинлик, озодликдан ноқонуний маҳрум этиш каби айбловлар бўйича 26 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди.

2015 йилнинг августида Тожикистон Олий суди Зайд Саидовнинг қамоқ муддатини уч йилга – 29 йилгача узайтирди. Саидов Тожикистон саноат вазири бўлган пайтда “Душанбе Плаза” савдо мажмуасини қуриш пайтида ҳужжатларни қалбакилаштириш ва “Тожикатлас” бирлашмасини ноқонуний хусусийлаштириш юзасидан қўшимча айбланди.

Бироқ у ва унинг тарафдорлари ҳукм янги муқобил сиёсий партияни тузишга тайёрлиги натижаси бўлганига ишонади. Ўшандан бери кўплаб халқаро ташкилотлар, жумладан, БМТ бир неча бор Тожикистонни Саидов ишини қайта кўриб чиқишга ва сиёсий асосланган ҳукм муносабати билан уни озодликка чиқаришга чақириб келди. Бироқ Тожикистон расмийлари ҳар сафар мазкур чақириқларни рад этиб, Саидовнинг айби Тожикистон судларида тўлалигича исботланганини иддао қилади.

Шу йилнинг 19 майидан 20 майига ўтар кечаси Вахдат шаҳридаги колонияда содир бўлган исённи, расмийларнинг сўзларига қараганда, ИШИД аъзолиги учун кесилганлар ташкиллаштирган. Айрим манбаларга кўра, Зайд Саидов ҳеч қачон радикал кайфиятдаги маҳбусларнинг исёнчи кайфиятларини маъқулламаган, шунинг асосида уларда ўтмишда машҳур тадбиркор бўлган Саидовга нисбатан адоват пайдо бўлган. Айрим маълумотларга кўра, исёнчилар уни йўқ қилиш мақсадида бўлишган, бироқ “наркосавдо учун муддат ўтаётган Муқимжон Табаров” ўз вақтида Саидовни ҳужумчилардан яширишга муваффақ бўлган (Муқимжон Табаров –«Беҳуда хорам мекунӣ» сериалида бош ролни ижро этган актёр, ўтган йили наркотикларнинг ноқонуний савдоси учун судланган). Озодлик радиоси манбасининг айтиб беришича, Табаров Зайд Саидовни бинонинг бурчагига яширган бўлиши мумкин, у томон яшикларни суриб қўйган ва ўшанда қўли енгилгина жароҳатланган. Исёндан кейиноқ Саидов қўлидан пичоқ жароҳати олгани ҳақида миш-мишлар пайдо бўлди.

XS
SM
MD
LG