Ссылки доступа

Қирғиз-тожик чегарасидаги можарода жабрланган 16 киши касалхонада қолмоқда


Қирғизистон ва Тожикистон чегарасидаги охирги зиддиятда жабрланган 16 киши касалхонада даволанишда давом этмоқда. Бу ҳақда Боткен вилоятидаги ҳукуматнинг ваколатли вакили матбуот хизмати хабар бермоқда.

Касалхонага ҳаммаси бўлиб турли тан жароҳатлари билан 31 киши мурожаат қилган. Уларнинг 16 нафари стационар даволанишга ётқизилган. Улар соғлиги барқарор ҳолатда экани ва керакли барча муожаларни олаётгани хабар қилинмоқда.

Матбуот хизматига кўра, ҳукуматнинг ваколатли вакили жабрланганларни бориб кўрди ва уларга моддий ёрдам кўрсатди.

22 ва 23 июль кунлари Боткен вилоятининг қирғиз-тожик чегарасида вазият кескинлашди. Можаро оқибатида Қирғизистоннинг 17 нафар фуқароси яраланди, уларнинг 14 нафари ўқотиш қуролидан жароҳат олди, яна уч киши тошлар зарбидан жабр кўрди. Яраланганларнинг 4 нафари фуқаровий шахслар, 13 нафари – Давлат чегара хизмати ва милиция ходимлари. Озодлик радиосининг тожик хизмати маҳаллий расмийларга таяниб хабар беришича, тожиклар томонидан бир киши ҳалок бўлди, беш киши яраланди.

26 июлда президент Сооронбай Жээнбеков Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон таклифига биноан Исфара (Тожикистон) шаҳрига қисқа муддатли амалий ташрифни амалга оширди. Икки мамлакат давлат раҳбарлари қирғиз-тожик давлат чегарасининг кесишган участкасида Қирғизистон ва Тожикистон жамоалари вакиллари ва қишлоқ кенгашларининг оқсоқоллари билан учрашув ўтказишди. Музокаралар Исфара шаҳрида бўлиб ўтди, шундан кейин улар Чўпон-Отага етиб келишди.

Уч кунлик музокараларнинг асосий мавзуси қирғиз-тожик чегарасини делимитация ва демаркацияси бўлди. Қирғизистон Республикаси президентининг матбуот хизмати қисқа қилиб, давлат раҳбарлари “чегараларни делимитация жараёнларини тезлаштириш масаласида фикрлар якдиллигини намоён этишди” деб хабар қилди. Тожикистон президентининг матбуот хизмати ўз хабарларида музокараларда ижтимоий-иқтисодий ҳамкорлик масалаларига урғу қаратди.

XS
SM
MD
LG