Ссылки доступа

Ашхабоддаги давлат дўконларида моғорланган ун сотилмоқда


Ашхабод аҳолиси давлат дўконларида аҳолига сотилаётган ун сифатидан шикоят қилмоқда. Бу ҳақда Ашхабоддаги "Озодлик" радиоси туркман хизмати мухбирлари ва манбалари маълум қилди.

«Қўшним давлат дўконидан 50 килограммлик қопда ун сотиб олди. Улар қопни очишганида ёқимсиз ҳид тарқалган ва ун тупроқдек қорайиб кетган эди. Улар унни қайтариб дўконга олиб боришган, аммо сотувчилар қопни қайтариб олишмаган», -дея хабар беради "Озодлик"нинг Ашхабоддаги мухбири.

Туркманистонда давлат дўконларида ун хусусий савдо нуқталарига нисбатан арзонга сотилади. 50 килограммлик бир қоп унни давлат томонидан ўрнатилган 50 манатга сотиб олиш мумкин ( манатнинг долларга нисбатан расмий курси 3,5:1).

Унинг сўзларига қараганда, одамлар давлат дўконларида белгиланган меъёрдан кўпроқ ун сотиб олишмоқчи бўлсалар, улар сотувчилар билан келишув асосида пештахта остидан бир қоп унни 120 манатдан сотиб оладилар. Мухбирнинг қўшимча қилиб таъкидлашича, одамлар маҳаллий уннинг сифатидан шикоят қиладилар. «Пештахталарга сифатли оқ ун қўйилган. Аммо сиз унни харид қилиб, уйга олиб келганингизда қопда кулранг ва ҳидли ун бўлади», - дейди мухбир.

Мухбиримизнинг айтишича, моғорлаб кетган унни дўконга қайтаришга муваффақ бўлмаган эркак муддати ўтиб кетган уннинг ҳаммасини қишлоқдаги қариндошларига мол учун ем сифатида фойдаланишлари учун жўнатиб юборган. Унинг сўзларига қараганда, сўнги вақтларда ашхабодликлар шу каби вазият билан тез-тез тўқнаш келмоқда.

Мухбирмизнинг аниқлашича, пойтахтдаги давлат дўконларида сотилаётган сифатсиз ун «Туркменгаллаонумлери» давлат компаниясига тегишли Ашхабоддаги ун комбинатида ишлаб чиқарилади. Мазкур корхона вакиллари ахолининг сифатсиз маҳсулотлар борасидаги шикоятлари юзасидан бирор бир изоҳ беришмайди.

XS
SM
MD
LG