Ссылки доступа

Суд «Вечерний Бишкек» газетасини аввалги эгаси Александр Кимга қайтарди


Бишкек шаҳар суди Александр ва Галина Рябушкинани “Вечерний Бишкек” нашриёт уйи” ёпиқ акциядорлик жамиятидаги ҳиссаларидан маҳрум қилиш ҳақидаги қарорни қабул қилди. Бу ҳақда Озодлик радиосининг қирғиз хизматига Александр Кимнинг адвокати Сергей Воронцов хабар қилди.

Унга кўра, томонлар бошланғич босқичдаги ҳолатга келтирилган – Александр Ким яна “Рубикон реклама компанияси ва “Вечерний Бишкек” нашриёт уйи”нинг акция ва активлари эгасига айланди.

«Қандайдир техник ҳолатлар қолган, бироқ суд кечаги қарори билан барчасини Кимга қайтарди», - дейди Сергей Воронцов.

Александр Рябушкин 2014 йилда судга ариза бериб, унинг бизнесдаги улушини ўша пайтдаги бизнес шериги Александр Ким олиб қўйганини даъво қилган эди. 2015 йилда суд мазкур даъвони қаноатлантириб, “Вечерний Бишкек” нашриёт уйи” ЁАЖ ва “Рубикон” Реклама фирмаси” ОсООни Александр Рябушкинга ўтказиб берганди.

Александр Кимга нисбатан ҚР Жиноят кодексининг 221-моддаси (Тижорий ёки бошқа ташкилотларнинг хизматчиларининг ваколатларини суиистеъмол қилиш) бўйича жиноий иш қўзғатилди.

2018 йилнинг февралида пойтахт туман суди уни 6 йилга шартли тартибда жазо ўташга ҳукм қилди. Кейинроқ бу қарор бекор қилинди, Кимни жиноий таъқиб этиш тўхтатилди. 2018 йилнинг ноябрида эса Александр Рябушкин молиявий қонунбузарлик айбловлари бўйича қўлга олинди.

XS
SM
MD
LG