Ссылки доступа

Қирғизистонда бир гуруҳ волонтерлар 150 нафар аёл ва болани Ироқ ва Суриядан юртга қайтармоқчи


Қирғизистонликлар юртдошларини ҳарбий харакатлар зоналаридан қайтаришга ёрдам бермоқчи. Ташаббус гуруҳи аъзолари аёл ва болаларни Ироқ ва Суриядан қайтариш ҳаражатларини тўлаш таклифи билан чиқди. Ҳукуматнинг қўллашига умид қилинмоқда. Амалдорлар ҳозирча сукут сақламоқда.

"Ўзимизникиларни ташлаб қўймаймиз" – Ироқдаги лагерлардан 150 нафар аёл ва болаларни юртга қайтармоқчи бўлган бир гуруҳ қирғизистонликларнинг матбуот анжумани шу сўзлар билан бошланди. Ташаббускорлар ёрдам бермоқчи эканликларини таъкидлашмоқда.

Волонтеры обещают вернуть в Кыргызстан 150 детей и женщин из Ирака и Сирии
пожалуйста, подождите

No media source currently available

0:00 0:02:19 0:00

Бундан аввал ҳукуматга фақат ҳарбий ҳаракатлар зоналарида бўлганларнинг қариндошларигина мурожаат қиларди. Энди эса бегоналар ҳам давлатга ёрдам таклиф қилмоқда.

"Яна бир бор такрорлайман, бу сиёсат эмас, бошқа мақсадлар ҳам йўқ. Бу ўта муҳимдир. Булар ҳаммага маълум, экранларда кўриниб турадиган ёки ҳамма эшитган одамлар эмас. Шунчаки оддий одамлар, оддий тадбиркорлар. Асосий мақсад - одамларимизни у ердан олиб чиқиш учун келинг бирлашайлик. Биз жангарилар ҳақида гапирмаяпмиз. Уларга суд баҳо беради, биз болалар ва хотин-қизлар ҳақида айтаяпмиз", – дейди ташаббус гуруҳи иштирокчиси Қубаничбек Токтосунов.

Ташкилотчиларнинг фикрича, бугунги кунда Сурия ва Ироқда бир неча минг Қирғизистон фуқароси бор. Токтосуновнинг таъкидлашича, у халқ дипломатияси ва ўз алоқалари билан қирғизистонликларни қайтариш масаласини кўтариб чиқиши мумкин экан. Фаолнинг сўзларига қараганда, унинг Ироқ Курдистони билан олиб бораётган музокаралари бир ярим ойдан бери давом этмоқда ва кўплаб масалалар ҳал бўлган. Энди эса хужжатларни расмийлаштириш ва бюрократик мураккабликарни ҳал қилишда ҳукуматнинг ёрдами керак бўлади.

"Биз ўз маблағларимизга самолёт жалб қилишимиз мумкин. Барча ҳаражатларни қоплай оламиз. Бу биринчидан. Иккинчидан: бу биз уларни Ўш бозорига олиб келиб ўтқазиш эмас. Биз уларнинг рухияти синганини тушунамиз. Улар олиб келиниши билан реабилитация марказини ташкил қилиш масаласини мухокама қилдик, марказга шифокор ва психологларни таклиф қиламиз", – дейди Токтосунов.

Расмийлар таклифга муносабат билдиришмади. Ташқи ишлар вазирлигининг матбуот хизмати ҳам, консуллик хизмати Департаменти ҳам ташаббус гуруҳининг таклифига изоҳ бермади.

Яқин ораларда ташаббус гуруҳи музокараларни давом эттириш мақсадида Ироққа йўл олмоқчи. Ҳукумат уларнинг таклифидан воз кечган тақдирда фаоллар нима қилишлари маълум эмас. Айни дамда ташаббус гуруҳи Қирғизистон президенти билан учрашишга ҳаракат қилмоқда.

XS
SM
MD
LG