Ссылки доступа

Сўғд раҳбари: "Тожик ва қирғизлар ўртасидаги дўстлик беқарорлаштирувчи кучларга ёқмайди"


Тожикистон ҳеч кимга бир қарич ерини ҳам бермайди, дея баёнот берди 1 август куни Сўғд вилоят раиси Ражаббой Аҳмадзода Ҳўжандда бўлиб ўтган матбуот анжуманида.

«Бизнинг тожик ва қирғиз халқлари ўртасидаги дўстликни мустахкамлаш борасидаги ҳаракатларимиз айрим беқарорлаштирувчи кучларга ёқмаяпти», -деди Аҳмадзода тожик-қирғиз чегарасида юз берган сўнги ҳодисаларга изоҳ берар экан.

Эслатиб ўтамиз, чегаранинг Ворух-Оқсой участкасида вазият 22-23 июль кунлари кескинлашиб кетди. Махаллий аҳолининг участкада ўз давлатлари байроғини ўрнатишга уринишлари янги тўқнашувларга сабаб бўлди. Ҳар бир томон бу участкани ўз давлатига тегишли деб ҳисоблайди. Қурол ишлатилиши натижасида Тожикистоннинг бир фуқароси ҳалок бўлди, ҳар икки томондан камида 20 киши жароҳат олди. Тожикистон ва Қирғизистон раҳбарлари Исфарада 26 июль куни музокаралар олиб боришди, шундан сўнг Иссиқкўл соҳилларида давлат чегараларини демаркация қилинишининг муҳокамалари давом эттирилди.

«Давлатимиз раҳбари баёнот бериб мақсадимиз дўстлик эканини, бироқ бир қарич еримизни ҳам ҳеч кимга бермаслигимизни таъкидлади. Биз Тожикистонга тегишли бўлган ҳар бир қарич еримизни ҳимоя қиламиз. Бироқ бизнинг дўстлигимизга раҳна солмоқчи бўлган айрим беқарорлаштирувчи кучлар ҳам бор», - дея таъкидлади Ражаббой Аҳмадзода. Унинг сўзларига қараганда, минтақада икки халқ дўстлигини мустахкамлаш йўлида тадбирлар ўтказиш юзасидан келишувга эришилди. Чегарадаги Исфара қишлоғининг 20 нафар аҳолиси Иссиқкўлда дам олди, 20 нафар қирғиз мактабининг ўқувчиси эса Сўғд вилоятидаги «Шохин» лагерига юборилди.

Сўғд вилоят раиси Тожикистон ўз чегараларида бузғунчилик қиладиган хар кимга қарши зарба беришга қодир эканини таъкидлаб ўтди. «Камчиликлар аста секин бартараф этилмоқда. Биз Ўзбекистон билан дўстона алоқаларни тикладик, шу каби муносабат Қирғизистон билан ҳам ўрнатилади», дея баёнот берди Ражаббой Аҳмадзода.

Тожик-қирғиз чегарасининг умумий узунлиги 976 км бўлиб, шундан бугунги кунга қадар 500 километри делимитация ва демаркация қилинган. Бахсли ҳудудлар чегаранинг 400 км.дан кўпроғини ташкил қилади, бунга Ворух-Оқсой ҳам киради. Совет вақтида хар икки республика ахолиси учун ер, яйлов ва сув ресурслари бўлган худудлар эндиликда республикалардан бирнинг мулкига айланган, ва ҳар бир республика фақат ўзининг фуқароларигина бу ерлардан фойдаланиш хуқуқига эга эканлигини айтиб, қўшниларни бу ҳуқуқдан маҳрум этиб келади. Демаркация қилинмаган ҳудудларда ер, сув учун ва чегарадан ноқонуний ўтишлар ва этник қарама қаршиликлар туфайли тез-тез можаролар юз бериб туради. Можаролар вақтида одамлар бир бирларига тош улоқтиришади, айрим ҳолларда қуролли тўқнашувга айланиб кетади.

Совет Иттифоқи тарқалиб кетганидан сўнг хар икки республика чегараларни охиригача аниқлай олмади. Тожикистон ва Қирғизистон ўртасидаги чегараларни делимитация ва демаркация қилиш ҳукуматлараро комиссияси чегара линияларини аниқлаш борасида бирор бир тўхтамга келмаган. Чунки Тожикистон 1924-1927 йилларга оид ҳужжат ва хариталар асосида, Қирғизистон эса 1958—1959 ва 1989 йиллардаги ҳужжатлар асосида ишлашни таклиф қилмоқда. 1920-йиллар бошидаги харитада Ворух Тожикистон ССРнинг ички чегарасида жойлашган, бироқ 1950-йиллардаги харитада Ворух Қирғизистоннинг анклави ҳисобланади.

Чегаралар демаркацияси масалалари бўйича музокараларга яқин манбаларнинг хабар қилишича, Қирғизистон Тожикистоннинг ҳозирги ҳудудларидаги 2,5 минг гектар ерга даъвогарлик қилмоқда. Ўз навбатида Душанбе расмийлари совет даврида Тожикистон ер ва яйловлари қирғиз қўшниларга ижарага берилганини айтиб келади, бунинг натижасида 143 минг гектарга яқин тожик ерини Қирғизистон ўзиники дея ҳисоблайди.

XS
SM
MD
LG