Ссылки доступа

Ўзбекистон Қирғизистонга 100 миллион доллар кредит беради


 Abylgaziev
Abylgaziev

Ўзбекистон Қирғизистонга 100 миллион доллар кредит беради. Бу ҳақда Қирғизистон нашрлари иқтисодиёт вазири Санжар Муканбетовга таянган ҳолда 1 август куни хабар берди.

Расмийга кўра, юз миллион доллар кредит ажратиш масаласи Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов ва Қирғизистон Бош вазири Мухаммедқалий Абилғазиев ўртасида бўлиб ўтган музокаралар чоғида муҳокама қилинган.

Санжар Муканбетов кредит линиясини очиш тўғрисида 2018 йил кузида икки давлат раҳбарлари учрашуви чоғида келишиб олинганини ҳам эслатиб ўтди.

Вазирнинг айтишича, кредит “Айил Банк” орқали жун ва терини қайта ишловчи қирғизистонлик тадбиркорларга берилди.

Хабарда маълум қилинишича, Ўзбекистон ва Қирғизистон ўзаро товар айланмаси ҳажмини 1 миллиард долларга етказишни режалаштирмоқда. 2018 йилда икки давлат ўртасидаги савдо айланмаси 340 миллион долларни, 2019 йилнинг беш ойида эса 130-140 миллион долларни ташкил қилган.

“Биз Ўзбекистондан асосан мева-сабзовотларни импорт қилсак, кўмир ва цементни экспорт қиламиз. Қолаверса, Қирғизистондан Ўзбекистонга цемент экспорти масаласини кўриб чиқяпмиз. У имтиёзли шартлар асосида етказилмоқда, аммо 2019 йилнинг 1 октябрида ушбу муддат тугайди. Биз ушбу имтиёзли режим сақланиб қолиниши учун келишиб оламиз”, – деб айтган Қирғизистон иқтисодиёт вазири.

XS
SM
MD
LG