Ссылки доступа

Қирғизистонда ярим йил давомида келин ўғирлаш билан боғлиқ 118 та факт рўйхатга олинди


2019 йилнинг олти ойи мобайнида Қирғизистонда келин ўғирлаш (ала качуу) билан боғлиқ 118та факт рўйхатга олинди. Бу ҳақда келин ўғирлаш профилактикасига бағишлаб Бишкекда бўлиб ўтган учрашувда ИИВнинг жамоат хавфсизлик хизмати раҳбари Улан Рысбеков маълум қилди.

«2019 йилнинг олти ойида ала качуу билан боғлиқ факт бўйича 118 та жиноий иш қўзғатилди, шундан 94 таси никоҳ билан боғлиқ ўғирлашдир, 12 таси эса никоҳга мажбурлаш. Ишларнинг кўпи судга топширилди», - дейди Рысбеков.

ИИВ маълумотига кўра, келин ўғирлаш билан боғлиқ ҳодисаларнинг кўпи қишлоқ жойларда қайд қилинган.

Бишкекда ҳуқуқ ҳимоячилари, тарихчилар ва давлат идораларининг ходимлари келин ўғирлаш билан боғлиқ муаммони муҳокама қилишмоқда ва бу муаммони ҳал қилиш йўлларини изламоқда.

БМТнинг гендер масалалари бўйича Ҳисоботида айтилишича, Қирғизистонда оилаларнинг 20% бевосита ала качуу туфайли бунёд бўлган.

Янги Жиноий кодексда келин ўғирлаш учун жазони кучайтирилган, эндиликда бу жиноят учун 5 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум этиш кўзда тутилади. Бундан ташқари вояга етмаган қизларни никоҳга мажбурлаганлар учун 200 минг сом миқдорида жарима кўзда тутилган.

Шу йилнинг май ойида келин ўғирлаш қурбони бўлмиш Бурулай Турдаали қизининг вафотига бир йил тўлишига бағишланган акция бўлиб ўтди. Ҳуқуқни ҳимоя қилувчи Human Rights Watch (HRW) ташкилоти баёнот бериб Қирғизистон ҳукумати аёллар ва қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қила олмаётганини таъкидлади.

2018 йилнинг 27 май куни Чуй вилоятининг Жайил туман ИИБда тиббиёт коллежининг 20 ёшли талабаси Бурулай Турдаали қизи ўлдирилган эди. Қизнинг қотили сифатида уни никоҳга олиш учун ўғирлаган эркак айбланди. Милиция бўлимида пичоқ билан қизни жароҳатлаган йигит ўзига ҳам пичоқ тортиб юборди. Юз берган ҳодиса жамиятда катта шов-шувларга айланиб кетди, президент Сооронбай Жээнбеков юз берган ҳодисани диққат билан ўрганиш борасида кўрсатма берди.

XS
SM
MD
LG