Ссылки доступа

Медведев Бердимухамедовнинг вафоти борасидаги миш-мишлар фонида Туркманистонга келади


Россия бош вазири Дмитрий Медведев президент Гурбангули Бердимуҳамедовнинг вафоти борасидаги миш-мишлар фонида шу ойда Туркманистонга ташриф буюради.

Медведев биринчи Каспий иқтисодий форумида иштирок этиш учун 11-12 август кунлари Туркманистонга ташриф буюради, дейилади Россия бош вазири матбуот хизмати хабарида. Ташриф доирасида унинг Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов билан учрашуви ва икки томонлама ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилиши режалаштирилган.

5 июлдан бери кенг жамоатчилик майдонида Бердимуҳамедовнинг кўринмаётгани, жумладан 6 июль куни Ашхабодга келган Европа Иттифоқи ташқи сиёсат маҳкамаси раҳбари Федерика Могерини билан учрашмагани боис унинг саломатлиги борасида турли миш-мишларнинг пайдо бўлишига олиб келди. Туркманистон расмийлари бир неча бор баёнот бериб президент 15 августга қадар таътилда бўлишини маълум қилди. Режалаштирилган Каспий форуми унинг таътилдан расман ишга чиқишидан аввал бошланади.

15 июль куни Туркманистон давлат ОАВ 62 ёшли Бердимуҳаммедов навбатдаги китоб устида ишлаётгани акс этган видеони намойиш қилди, унда президент ўзи ижро этган қўшиқ ва набиралари билан ўйнаётган лавҳа намойиш қилинаётган телевизор ёнида ўтирибди. Видео суратга олинган вақт номаълум.

21 июль куни ижтимоий тармоқларда давлат раҳбари бўйрак етишмовчилиги туфайли 20 июль куни вафот этгани тўғрисида хабар тарқатилди. Ўша куни ТАСС ахборотагентлиги Туркманистоннинг Россиядаги элчихонасига таянган ҳолда Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг вафот этгани тўғрисидаги маълумотлар ҳақиқатга тўғри келмаслиги борасидаги хабарни тарқатди.

Хабарлар фонида, шундан кейин Туркманистон президентининг вафоти тўғрисидаги хабарнинг инкор этилганидан сўнг ижтимоий медиада туркман эстрада вакилларининг мурожаатномаси пайдо бўлди. Мурожаатномаларда «президентнинг саломатлиги» тўғрисидаги «ёлғон хабар»ларга ишонмаслик ва ўз саҳифаларида #duryalan (#ёлғон тўхтатилсин) хэштеги жойлаштирилишига чақирилади.​

XS
SM
MD
LG