Ссылки доступа

Мирзиёев топшириғи билан 3 ҳоким халқ ва президентдан узр сўради (видео)


Қашқадарё, Фарғона ва Хоразм вилояти ҳокимлари президент Мирзиёев топшириғи билан халқ, президент, халқаро жамоатчилик, блогерлардан узр сўради.

2 август куни кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар таҳлилига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.

Йиғинда президент уч ҳокимдан Интернет орқали чиқиш қилиб, аҳмоқлигини тан олиш ва халқдан кечирим сўраши ҳақида топшириқ берди.

Ана шу йиғиндан икки кун ўтиб, 3 ҳоким оддий аҳоли, ҳокимлик расмийлари ва маҳаллий блогерлар қаршисида ноқонуний бузилишлар ҳамда тўланмаган товон пуллари учун, қўлини кўксига қўйиб, узр сўради.

Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев 4 август куни Риштон туманидаги учрашувда тумандаги бузилишларни "хато", деб тан олди ва узр сўради.

Ғаниев узр сўраркан, бу жараённи кузатиб бораётган "ижтимоий тармоқлар", деган жумлани қайта-қайта тилга олди ва "Ҳамма-ҳамманинг олдида бўйин эгиб, таъзим қилиб, узр сўрайман", деди.

Шунингдек, Фарғона вилоят ҳокими вилоят Қурилиш бошқармаси раҳбари, Риштон тумани ҳокими ва унинг ўринбосаридан иборат жами 14 раҳбар ишдан олинганини маълум қилди.

4 август куни Қашқадарё вилояти ҳокими Зафар Рўзиев ҳам Яккабоғ туманига бориб, аҳоли ва жамоатчилик фаоллари даврасида президент ва халқдан кечирим сўради.

"Яккабоғда рўй берган воқеалар 100 фоиз вилоят ва туман ҳокимликларининг хатоси. Бунинг учун юз бора, минг бора, ҳукуматимиздан, халқимиздан, азият чеккан тадбиркорларимиздан, ҳурматли журналист ва блогерларимиздан, таъзим қилиб, яна бир марта илтифот қилиб, кечирим сўрамоқчиманки, мана шу масалада бизлар жуда катта хатоликка йўл қўйдик. Агар бизга яна имкон бўлса, агар шунга шарт-шароит яратиб берилса, олдингига ўхшаб, "Бузилсин, олиб ташлансин, қўпорилсин", деган сиёсатдан мутлақо воз кечиб, ҳар бир киши билан, керак бўлса, индивидуал ишлаб, ёрдам бериб, ишлаймиз", деди вилоят ҳокими Зафар Рўзиев.

Хоразм вилоят ҳокими Фарҳод Эрманов эса Урганчнинг Ашхобод маҳалласидаги бузилишлар ва тўланмаган товон пуллари учун кечирим сўради.

Айни пайтда, ижтимоий тармоқларда мамлакатнинг бошқа вилоятларидаги ҳокимлардан ҳам ноқонуний бузилишлар учун узр сўраш сўралмоқда.

Бундан ташқари, бир ҳокимлар узр сўраб турганида, бошқаларининг мажбурий меҳнатга йўл қўяётгани кескин танқид қилинмоқда.

XS
SM
MD
LG