Ссылки доступа

ЕИнинг Тошкентдаги делегацияси Жаслиқ қамоқхонасини ёпиш қарорини олқишлади


Президент Мирзиёевнинг Жаслиқ қамоқхонасини ёпиш қарорини Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси раҳбари Эдуардс Стипрайс олқишлади.

Маҳаллий нашрларнинг ёзишича, бу қарор Ўзбекистон билан ЕИ ҳамкорлигини янги даражага олиб чиқиш учун имконият бўлади.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2 август куни “Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг 19-сон ихтисослаштирилган Жазони ижро этиш колониясини тугатиш тўғрисида”ги қарорни имзолади. Бу қарор билан Қорақалпоғистоннинг Жаслиқ қўрғонида жойлашган 19-сон ихтисослаштирилган жазони ижро этиш колониясини тугатиш белгиланди.

3 август куни Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бошқармаси берган хабарда бу қарор "тарихий" дея қайд этилди.

"Мазкур тарихий қарор озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахсларда қонунга итоаткор хулқ-атворни, шахс ва жамиятга ҳурмат муносабатини шакллантиришга йўнатирилган ахлоқан тузатиш борасида амалга оширилаётган тадбирлар самарадорлигини ошириш, шунингдек, 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларга мувофиқ давлатимизнинг халқаро ареналарда ижобий мавқеини илгари суриш мақсадида қабул қилинганлиги қайд этилган," дейилади хабарда.

Диний эркинликлар бўйича АҚШ Халқаро комиссияси 29 апрель куни жамоатчилик эътиборига тақдим этилган ҳисоботида Ўзбекистонга диний мотивлар билан қамалганларнинг асосий қисми сақланаётган Жаслиқ қамоқхонасини ёпишни ҳам маслаҳат берганди.

Комиссия, шунингдек, Ўзбекистон ҳукуматига 1998 йилда қабул қилинган дин тўғрисидаги қонунни қайта кўриб чиқиб, ислоҳ қилишни, диндорларнинг ҳуқуқларини халқаро инсон ҳуқуқлари меъёрларига тенглаштиришни таклиф қилганди.

БМТнинг Қийноқларга қарши қўмитаси эса Ўзбекистонга 2002 йилдан буён Жаслиқ колониясини ёпишни тавсия этиб келаётганди.

XS
SM
MD
LG