Ссылки доступа

Ўзбекистонда кўчмас мулкларини бузиш фақат Бош вазир қарори билан амалга оширилади


Бундан буён фуқаролар ва тадбиркорларнинг кўчмас мулкларини бузиш фақат Бош вазир қарори билан амалга оширилади.

Президент Шавкат Мирзиёев имзолаган «Фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг мулк ҳуқуқи кафолатланишини сўзсиз таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармойишда мана шундай меъёр белгилаб қўйилди.

Адлия вазирлигининг 4 августда хабар беришича, 2019 йил 5 августдан бошлаб, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ер участкаларини олиб қўйиш ҳамда кўчмас мулк объектларини бузиш ишлари қуйидагича 3 босқичда амалга оширилади:

- ҳокимлар томонидан бузилиши режалаштирилган ҳудуд бўйича материаллар тўплами Вазирлар Маҳкамасига киритилади;

- Вазирлар Маҳкамасида шаҳарсозлик талаблари бўйича ва молиявий ҳисоб-китоблар бўйича хулосалар тайёрланади;

- хулоса Бош вазирга кўриб чиқиш ва қарор қабул қилиш учун киритилади.

Бундан ташқари ер участкалари олиб қўйилиши муносабати билан фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига етказилган зарар миқдорини хатловдан ўтказиш бўйича республика мувофиқлаштирувчи ишчи гуруҳи ва ҳудудий ишчи гуруҳлар ташкил этилади.

Мазкур гуруҳлар фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига етказилган зарарларни жойларга чиққан ҳолда хатловдан ўтказиб, уларнинг қонунчиликка мувофиқ бозор қиймати асосида ҳаққоний ва адолатли миқдорини белгилаши лозим бўлади.

2 август кунги видеоселекторда президент Мирзиёев Бош вазир ва ўз девони раҳбарига Фарғона, Хоразм, Қашқадарё вилояти ҳокимларини ишдан олиш масаласини кўриб чиқиш ҳамда уларнинг халқдан кечирим сўрашини ташкил қилишга топшириқ берганди.

4 август куни Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев Риштон туманидаги, Қашқадарё вилояти ҳокими Зафар Рўзиев Яккабоғ туманидаги, Хоразм вилоят ҳокими Фарҳод Эрманов эса Урганчнинг Ашхобод маҳалласидаги бузилишларни “хато” деб атаб, халқдан кечирим сўраган эди.

XS
SM
MD
LG