Ссылки доступа

БМТ экспертлари: “Ислом давлати-Хуросон” гуруҳига Тожикистон фуқароси бошчилик қилади


Архивное фото

Афғонистондаги “Ислом Давлати-Хуросон” (ИДХ) гуруҳига 31 ёшли тожикистонлик раҳбарлик қилади, дейилади Бирлашган Миллатлар ташкилоти экспертлар гуруҳи томонидан тайёрланган “Ислом Давлати” (ИД) террор ташкилотининг кенг қамровли таҳдидларига бағишланган Ҳисоботида.

Ўтган ойда БМТ Хавфсизлик кенгашига тақдим қилинган Ҳисоботда таъкидланишича, ИДХ гуруҳига Тожикистонда туғилган Сайвали Шафиев қўмондонлик қилади. У Абубакри Муавиа лақаби билан машҳур. Афғонистоннинг Нангархар вилоятида фаолият юритувчи гуруҳ таркибида 200 дан ортиқ жангари бор, дея таъкидлашмоқда БМТ экспертлари. Уларнинг сўзларига қараганда, Сайвали Шафиев, шунингдек ИДХ учун интернет орқали янги жангариларни ёллаш ва маблағ тўплаш билан ҳам шуғулланади ва бунинг учун фақат тожик тилидан фойдаланади.

Муаллифларнинг фикрича, Афғонистонда Тожикистон фуқороларидан иборат 100га яқин жангари бор. Уларнинг кўпчилиги “Толибон” ҳаракати томонида туриб жанг қилади.

Халқаро экспертлар гуруҳининг ИД таҳдиди борасидаги Ҳисоботи 15 июль куни БМТ Хавфсизлик Кенгашига тақдим қилинди. Унда таъкидланишича, Афғонистон шимолида, жумладан Бадахшон вилоятида бир нечта террорчилик ва экстремистик гуруҳлар яшириниб юрибди. Улар наркоконтрабандачилар билан ҳамкорлик қилади ва жангариларни Марказий Осиё мамлакатлари худудларига йўналтиришга уринадилар, дейилади ҳисоботда.

​ Сайвали Шафиевнинг ИДнинг фаол аъзоси сифатида илк бор ўтган йилнинг май ойида маълум бўлган эди, ўшанда Душанбе шаҳар суди мамлакатда фаолияти тақиқланган мухолифатдаги Тожикистон Ислом уйғониш партиясининг 14 нафар аъзосини Душанбеда Наврўз байрами кунлари теракт уюштиришга тайёргарлик кўрганликда айбдор деб топган ва 7 йилдан 26 йилгача озодликдан маҳрум қилган эди.

Республика Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси жамоатчилик билан алоқалар маркази томонидан тайёрланган ва Тожикистон ТВнинг биринчи каналида намойиш қилинган “Манқуртлар” фильмида таъкидланишича, ҳукм қилинган икки киши - Гулов ва Азамов мобил рация сифатида ишлайдиган Zello дастури орқали ёлланган. Гулов Афғонистонда таҳсил олган, бу мамлакатда унга Абубакри Муавиа ёки «Жалолободий» лақабли Сайвали Шафиев ёрдам берган. Тожикистон махсус хизматларининг баёнотига кўра, Ҳисор туманида туғилган Сайвали Шафиев ижтимоий тармоқларда ИД ғояларни тарғиботчиси сифатида кўрилади.

Яқинда Тожикистон ТИВ раҳбари Сирожиддин Мухриддин журналистларга Ироқ ва Сурия қамоқхона ва лагерларида 600га яқин Тожикистон фуқороси борлигини маълум қилган эди.

XS
SM
MD
LG