Ссылки доступа

Навбатдаги ҳодисадан сўнг қирғиз-тожик чегарасида вазият барқарор, аҳоли тарқалди


Тожик-қирғиз чегарасининг Бобожон Ғафуров ва Лайлак туманлари участкасида ҳодиса юз берди. Расмийларнинг сўзларига қараганда, гап махаллий аҳоли ўртасидаги жанжал ҳақида бормоқда. Чегара туманлари маъмурият раҳбарларининг музокараларидан сўнг муаммо бартараф этилди.

Ҳодиса 5 август куни Қирғизистоннинг Мақсат ва Тожикистоннинг Овчи Қалъача қишлоқлари аҳолиси ўртасида юз берди. Овчи Қалъача қишлоқ кенгаши раҳбари Ғайратжон Гадобоевнинг Радио Озодига маълум қилишича, қишлоқ аҳолиси Қурбон ҳайитига тайёргарлик доирасида №8 ўрта мактабининг футбол майдончасини тартибга келтирмоқчи бўлган, аммо қирғиз чегарачилари бунга қаршлик кўрсатган. «Чегара нарядининг баёнот беришича бу баҳсли участка ва шу сабабли Тожикистон фуқаролари бу ерда бўлишлари керак эмаслигини айтишган. Аммо бу участка – Тожикистон ҳудудидир», - дейди Гадобоев.

Шу билан бирга Қирғизистон Давлат чегара хизмати (ДЧХ) матбуот котиби Гульмира Борубаева баёнот бериб “келишмовчилик” қирғиз-тожик чегарасининг белгиланмаган участкаси туфайли келиб чиққанини айтди. «Футбол майдонига Тожикистон фуқаролари келиб ҳудудни тозаламоқчи бўлган. Аммо бу қирғиз-тожик участкаси белгиланмаган. Ҳодиса жойига ҚР чегара наряди етиб келди ва мазкур ҳудудда бирор бир иш олиб борилмаслигини тушунтирди. Айрим келишмовчиликлар юзага келди, аммо тушунтириш ишларидан кейин Тожикистон фуқаролари ҳодиса жойини тарк этди», - дейди Гульмира Борубаева.

Унинг қўшимча қилишича, ҳодиса жойига икки мамлакат туманлари маъмуриятларининг раҳбарлари, шунингдек чегара хизмати вакиллари етиб борган ва “келажакда чегаранинг ҳал қилинмаган участкасида шу каби ҳодисалар юз бермаслиги учун” аҳоли билан музокаралар олиб борилмоқда. Борубаеванинг сўзларига қараганда ҳодиса жойида тўпланганлар уйларига тарқалишган.

“Тожикистон ва Марказий Осиё янгиликлари” ахборот сайтининг хабар қилишича, мазкур участка қирғизстонлик фуқаролар томонидан бозор сифатида фойдаланилади ва шу сабабли ҳам улар бу участкани Тожикистон фуқаролари томонидан ободонлаштирилишига қаршилик кўрсатишган.

Эслатиб ўтамиз, 2018 йилнинг 4 июнь куни Баткен вилояти Лайлак туманининг Мақсат қишлоғида можаро юз берган эди. Ўша оқшом тожик чегарачилари Қирғизистон фуқароларини савдо-сотиқ қилинаётган “Футбол майдони”дан ҳайдаб чиқарган эди. Шундан сўнг тожик ва қирғиз чегарачилари иштирокида мажоро келиб чиқди, бунинг оқибатида Қирғизистн ДЧХ маълумотига кўра, тожик ҳарбий хизматчилари қурол ишлатишди ва ҳавога қарата ўқ узишди.

Тожик-қирғиз чегарасида сўнгги мажоро икки ҳафта муқаддам Ворух-Оқсой участкасида бўлиб ўтди. Маҳаллий аҳоли вакилларининг ўз давлатлари байроқларини, ҳар икки томоннинг фикрича, ўз мамлакатлари ҳудудларига илиб қўйишга уринишлари янги тўқнашувларга олиб келди. Бунинг натижасида қурол ишлатилди, Тожикистоннинг бир фуқароси ўлдирилди ва камида хар икки томондан камида 20 киши жароҳат олди. Тожикистон ва Қирғизистон раҳбарлари Эмомали Раҳмон ва Сооронбай Жээнбеков 26 июль куни Исфарада музокаралар олиб бордилар, шундан сўнг Иссиқкўл соҳилларида давлат чегарларини демаркация масаласини муҳокама қилиш давом эттирилди.

Тожикистон-Қирғзистон чегарасининг умумий узунлиги 976 километрни ташкил қилади, шундан бугунги кунда 500 километрга яқини делимитизация ва демаркация қилинган. Чегаранинг 400 километридан ортиғи баҳсли ҳудуд мақомига эга.

XS
SM
MD
LG