Ссылки доступа

Тўрақўрғон иссиқлик электр станцияси тест режимида ишлай бошлади


Наманган вилоятида барпо этилган Тўрақўрғон иссиқлик электр станцияси (ИЭС)да 5 август куни биринчи газ трубинаси ишга туширилди. Энергетика вазирлигининг билдиришича, ҳозирча ИЭС тест режимида ишлайди, ноябрь ойидан эса тўлақонли фаолият кўрсатади.

“Биринчи ускунани топшириш муддати 2019 йилнинг сентябрига белгиланган эди. Иккинчи блок жорий йилнинг ноябрида ишга туширилади”, деб билдирди вазирлик.

Расмий маълумотда билдирилишича, Тўрақўрғон ИЭсини қуришда 2400та хорижий ва маҳаллий ишчи иштирок этмоқда. Йилига 7 миллиард кВт-соат электр энергиясини ишлаб чиқаришга мўлжалланган ИЭС, вазирлик иддаосича, Наманган, Андижон ва Фарғона вилоятларининг электр қувватига бўлган асосий эҳтиёжини қоплайди.

Президент Мирзиёевнинг 2017 йил 2 майдаги “2017-2021 йилларда гидроэнергетикани янада ривожлантириш чора-тадбирлари дастури тўғрисида”ги қарорига мувофиқ Наманган вилоятида умумий қуввати 38,5 МВт, ишлаб чиқариш қуввати 150,8 миллион КВт соатни ташкил этувчи кичик гидроэлектр станциялари қуриш режалаштирилган.

Қиймати қарийб 1 миллиард 200 миллион долларлик 900 МВт қувватга эга “Тўрақўрғон иссиқлик электр станцияси” ҳам мана шу дастурнинг бир қисми ҳисобланади.

Тўрақўрғон иссиқлик электр станциясини қуриш лойиҳаси 2014 йилдан бери мавжуд эди. Ўшанда иссиқлик электр станциясининг биринчи энергоблогини 2016 йилда, иккинчисини эса 2017 йилда фойдаланишга топширилиши режалаштирилганди.

ИЭС Япониянинг Mitsubishi Corporation ва Mitsubishi Hitachi Power Systems Ltd концорциуми билан ҳамкорликда бунёд этилди.

XS
SM
MD
LG