Ссылки доступа

Қирғизистонда Солтон-Сари конидаги можародан сўнг 20 киши шифохонага ётқизилди


6 август куни Солтон-Сари конида тахминан 4:30да юз берган можаро оқибатида Норин вилоят Бирлашган шифохонасига 20 киши ётқизилди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабарига қараганда, уларга ёпиқ бош-мия жароҳати ва мия чайқалиши ташхиси қўйилди.

«Барча жабрдийдаларнинг аҳволи шифокорлар томонидан барқарор дея баҳоланмоқда. Улар тегишли барча тиббий ёрдам ва дори дармон билан таъминланадилар», -дея хабар берди Соғлиқни сақлаш вазирлиги.

ИИВ маълумотига кўра, «айни дамда Норин туманидаги вазият барқарор, расмийлар махаллий органлар билан хамкорликда тушунтириш ишларини олиб бормоқда».

Норин вилоят аҳолиси Хитойнинг Jhong ji Mining компанияси ходимлари ва техникаларини Солтон-Саридан олиб чиқишни талаб қилишда давом этмоқда. Соат 9.00 да ҳодиса жойидан «Азаттық» мухбирининг хабар қилишича, тўпланганлар билан учрашиш учун Бош вазирнинг биринчи ўинбосари Кубатбек Боронов, ички ишлар вазири Кашкар Джунушалиев ва Жазони ижро этиш давлат хизмати раиси Мелис Турганбаев етиб келди.

Амалдорлар маҳаллий расмийлар билан биргаликда тўплаган махаллий аҳоли вакиллари билан музокаралар олиб боришга ҳаракат қилдилар. Аммо тўпланганлар "кон ҳудудларидан Хитой компанияси ходимларини олиб чиқиш ва ишларни тўхтатиш" талабини қўйишди. Маҳаллий аҳоли агар ҳукумат бу ишни 3 соат мобайнида бажармайдиган бўлса, у ҳолда ўзлари бажаришларини айтишди.

Бош вазир Мухаммедкалый Абылгазиев Солтон-Сари конидаги вазият бўйича мажлис ўтказди. Абылгазиев ходисанинг барча ҳолати диққат билан ўрганилиши ва аҳоли ўртасида тушунириш ишларини кучайтириш лозимлигини таъкидлади.

Эслатиб ўтамиз, 5 август куни Солтон-Сари конида 500га яқин киши тўпланиб Хитой компанияси ходимлари Солтон-Сарини тарк этишини талаб қилишди. Ҳодиса жойида бўлган «Азаттық» мухбирининг айтишича, бунинг оқибатида можаро юз берган ва маҳаллий аҳоли тоғ-кон компанияси ходимларини калтаклашди.

Бу 3 августда бошланган ҳодисанинг давоми бўлди. Ўшанда Оттук қишлоғида яшовчи икки киши жароҳат олган эди, ҳозир улар Норин вилоят шифохонасида даволанмоқда. Хитой компаниясининг 12 нафар вакили эса сўроқ учун Норин туман ички ишлар бўлимига олиб борилди. 4 август куни стихияли пикетга 30 га яқин чорвадор чиқди, улар Хитой тоғ-кончиларига айблов қўйдилар ва "айбдорлар қонун асосида жазога тортилишини" талаб қилдилар.

Jhong ji Mining компанияси 2012 йилда Солтон Сарида геология разведка ишларни олиб бориш ва конни ўзлаштириш юзасидан лицензия олган эди. Бу йил компания комбинат қуришни режалаштирган эди. кондаги олтин заҳираси 11 тонна экани айтилади. Компанияда 160 га яқин маҳаллий аҳоли вакили ишлайди. Корхонада ўртача ойлик маош 20-25 минг сомни ташкил қилади.

XS
SM
MD
LG