Ссылки доступа

Россия қурол омборида портлашлар тўхтади, 12 киши шифохонага ётқизилди


Россиянинг давлатга тегишли ТАСС ахборот агентлигининг маълум қилишича, Красноярск ўлкаси расмийлари 6 август куни баёнот бериб, Ачинск туманидаги қурол-яроғ омборидаги портлашлар тўхтаганини маълум қилдилар.

«Икки соат аввал портлаш эшитилган эди, аммо ҳозир эшитилмаяпти. Портлашлар тўхтади», — дея баёнот берди маъмурият.

5 август куни Сибирдаги ҳарбий қисмлардан бири ҳудудидаги қурол омборида юз берган портлашлардан кейин 12 киши шифохонага ётқизилди. 20 километр радиусда бўлган аҳоли пунктларида истиқомат қилувчилар эвакуация қилинди.

Россия мудофаа вазирлиги 5 август куни баёнот бериб, Красноярск ўлкасидаги қурол-яроғ омборида юз берган ёнғинга қарши курашга 14та узоқдан бошқариладиган робот жалб қилинганини маълум қилди. Красноярск ўлкаси Ачинск туман маъмурияти 11 минг кишининг эвакуация қилинганини маълум қилди.

Тармоқда тарқатилан кадрларда уфқда юз берган йирик портлаш ва ундан кейин кўтарилган қуюқ тутун кўриниб турибди.

Хитойдан ташқарида энг йирик альюмин ишлаб чиқарувчи «Русал» компанияси баёнот бериб эҳтиёткорлик нуқтаи назаридан ўзининг Ачинск туманида альюмин заводидаги ишларини тўҳтатиб турганини ва етакчи ходимларидан ташқари барча ходимларини эвакуация қилганини маълум қилди. Завод портлаш юз берган ҳарбий қисмдан тахминан 30 километр узоқликда жойлашган.

XS
SM
MD
LG