Ссылки доступа

Самарқандда фирибгарлар жиноятини фош этишга уринган блогер ҳужумга учради


Тошкентлик 33 ёшли блогер Отабек Жўраев 5 август куни Самарқанд шаҳрига борган пайти номаълум шахслар томонидан калтакланди. У Самарқандга фирибгарлар 250 миллион сўмга чув туширгани ҳақида шикоят қилган аёлнинг мурожаатини ўрганишга борган пайти ҳужумга учраганини айтади.

Блогерга кўра, аёлнинг уйи ўнгида турган пайти "тўсатдан" пайдо бўлган шахс, арматура билан унинг бошига урган.

Ҳужум натижасида ҳушидан кетган Отабек Жўраевнинг боши ёрилган.

Отабек Жўраев ҳужумни ўзининг блогерлик фаолияти билан боғлади ва унга суиқасд уриниши бўлганини иддао қилди:

- Мақсад мени оғзимни ёпиш бўлган бўлса керак-да. Лекин, мени келганимни қаердан билди, шунга ҳайронман. Бу аёл мошенниклар уни 250 миллион сўмга чув туширгани ҳақида милицияга, прокуратурага арз қилган, лекин улар ишни ёпти-ёпти қилган. Шу иш бўйича шуғулланаётганим уларга ёқмаган бўлса керак. Улар жиноят фош бўлишидан қўрқишган, чунки улар милицияни ҳам жиноят ишини ёптиришга кўндиришган экан-да, - деди Отабек Жўраев.

Самарқанд вилояти Ички ишлар бошқармаси навбатчиси мазкур "ҳолат юзасидан безорилик моддаси бўйича жиноий иши қўзғатилган"ини маълум қилди.

Ўзбекистонда турли мавзудаги интернет блоглар пайдо бўлаётгани одамларнинг эркин фикрлашга, атроф-муҳитдаги ҳодисаларга муносабатини билдиришга иштиёқи кучлилигини кўрсатмоқда.

Ўзбекистон Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги раҳбари Комил Алламжонов Alter Ego лойиҳаси доирасида видеоблогер Кирилл Альтманга берган интервьюсида блогерлар чиқишларини яқиндан кузатиб боришини айтган ва улар долзарб масалаларни кўтариб чиқаётганликларидан мамнун эканини таъкидлаган.

Отабек Жўраев ҳам Ўзбекистонда ҳуқуқлари пой-мол бўлаётганлар муаммоларини кўтариб чиқаётган ўнлаб блогерларнинг биридир.

У ўтган ой Сурхондарёда уйлари асоссиз бузилган хонадон эгалари билан видео суҳбатларни ўзининг Yutube порталидаги Otabek Jo’rayev каналида эълон қилганди.

- Яқинда президентимиз Шавкат Мирзиёев ҳукумат мажлисида уйлари асоссиз бузилгани юзасидан ҳокимларга танбеҳ берганида мени видеомни намойиш қилишганди. Блогерларга эътибор катта бўляпти, лекин бизни хавфсизлигимиз ҳақида ҳеч ким ўйламаяпти, - дейди Жўраев.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2 август куни ўтказган йиғилишда уйларни бузиш ишлари билан норозилик келтириб чиқарган ҳокимларни унинг сиёсатига ҳиёнат қилишда кескин айблаган ва блоггерлар олдида жавоб беришни тайинлаган эди.

XS
SM
MD
LG