Ссылки доступа

Самарқанд ҳокимлиги қиммат машина эгаларини фестивал пайтида текин ишлашга мажбурламоқда


Uzbekistan - rehearsal on preparation for the international festival Sharq taronalari in Registon square of Samarkand city, 18 July 2015
Uzbekistan - rehearsal on preparation for the international festival Sharq taronalari in Registon square of Samarkand city, 18 July 2015

Самарқанд вилоятидаги юридик шахсларга тегишли бўлган “Malibu-2” ва “Captiva“ русумли қимматбаҳо машиналар 23 августдан 30 августгача давом этадиган “Шарқ тароналари” фестивалида текин хизмат учун сафарбар қилинади.

Самарқанд вилоят ҳокимлигида айни тадбирга маъсул бўлган мулозимнинг айтишича, қиммат машинаси борлар "ўз қалб амри билан текин" хизмат қилишга иштиëқ билдирган.

"Malibu-2" эгаси бўлган самарқандлик ҳайдовчи бундан норози бўлиб шикоят қилди. "30 минг доллар турадиган машинам билан бир ҳафта текин хизмат қилиш ëқмаяпти", деди у.

Самарқандлик блогер Мирзо Субҳонов "Ташкилот ва юридик шахсларга тегишли қиммат машиналардан фестивалда текин фойдаланиш" ҳақида вилоят ҳокимининг 22 июль куни имзоланган 07-01/135 рақамли баëнномаси мавжудлигини айтди.

Блогерга кўра, бу баëннома "одамларга тегишли бўлган “Malibu-2” ва “Captiva“ русумли енгил автомобилларни бир ҳафта" мобайнида текин ишлатишни белгилаб берган.

- Фестивал меҳмонларини кутиб олиш учун пул ажратилган, одамлар мажбурий жалб этилмаслиги керак¸ деди блогер.

Юридик шахс ва ташкилотлардан машиналарни текин олишни ташкил қилиш Самарқанд вилоят ИИБ йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси зиммасига юклатилган.

Самарқанд вилоят ИИБ йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқарма бошлиғи Абдунаби Носиров имзо чеккан мактубда "оилага оид “Malibu-2”ни жорий йилнинг 20 август куни эрталаб вилоят ҳокимлиги олдига олиб бориш" буюрилган.

Одамларга тегишли автомобилларни текин ишлатиш сабаби ИИБ ҳужжатида келтирилади.

"Тадбирга ташриф буюрувчи хорижий меҳмонларни кутиб олиш ҳамда кузатиш¸ меҳмонларга намунали хизмат кўрсатиш¸ маданий-тарихий меросимиз билан таништириш мақсадида сизга оид “Malibu-2” автомобили 23 августдан 30 августгача вилоят ҳокимияти автохўжалиги тасарруфига ўтади” дейилади ҳужжатда.

Ўзбекистон Республикаси президентининг 2019 йил 26 февралда "Шарқ тароналари" халқаро мусиқа фестивалини ўтказишга тайёргарлик кўриш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорида тадбир учун республика бюджетидан етарли маблағ ажратилиши айтилган.

Самарқандлик блогер Мирзо Субҳоновнинг айтишича¸ нафақат фестивал балки вилоятдаги барча тадбирларга аҳолига оид машиналар текин жалб қилинади:

- Ҳақиқатан ҳам пул ажратилган, лекин тўланмайди. ГАИ фақат шунақа қилади. Тадбир пайтида автобуслар ва юк автомобилларининг техник паспортини олиб қўйиб ишлатади¸ деди блогер .

Самарқанд вилоят ҳокимлигида айни тадбирга маъсул бўлган мулозимнинг айтишича, “қиммат машинаси борларнинг меҳмонларга текин хизмат кўрсатиши самарқандликлар менталитетидаги “меҳмондўстликнинг олий кўринишидир”.

Унинг таъкидлашича, қиммат машинаси борларнинг ўзлари "пулдан воз кечиб", текин хизмат қилмоқчи.

Самарқанд вилоят ИИБ йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасининг мулозими "давлат фавқуллодда ҳолатларда гражданларнинг автомобилларини олиб туришга" ҳақи борлигини билдирди.

Фестивал ташкилотчиларидан бири бўлган Ўзбекистон маданият вазирлиги мулозимлари ушбу масала юзасидан изоҳ бермади.

Жорий йилнинг 26-30 август кунлари Самарқанд шаҳрида “Шарқ тароналари” ўн иккинчи халқаро мусиқа фестивали ўтказилади.

Фестивалнинг очилиш маросимида ЮНЕСКО бош директори Одрэ Азуле хоним ҳам иштирок этиши кутилмоқда.

Фестиваль доирасида 27-28 август кунлари “Шарқ халқлари анъанавий мусиқа санъатининг ривожланиш истиқболлари” мавзусида халқаро илмий-назарий конференция бўлиб ўтади.

Тадбирда 78 давлатдан хонанда ва созандалар, бадиий жамоа ва ансамбллар, санъат ва мусиқашунослар иштирок этиши кутилмоқда.

"Шарқ тароналари" халқаро фестивали 1997 йилдан буён икки йилда бир ўтказиб келинади.

XS
SM
MD
LG