Ссылки доступа

Хитой компаниясининг Қирғизистондаги Солтон-Сари конидаги фаолияти вақтинча тўхтатилди


Хитойнинг Zhong Ji Mining тоғ-кон компаниясининг Норин вилоятидаги Солтон-Сари олтин конидаги фаолияти вақтинча тўхтатилди. Бу ҳақда ҳукумат матбуот хизмати бош вазирнинг биринчи ўринбосари Қубатбек Бороновга таянган ҳолда хабар тарқатди.

Таъкидланишича, қарор Экологик ва техник хавфсизлик Давлат инспекциясининг хулосасига асосан қабул қилинди. Бороновнинг маълум қилишича, шу кунларда конда юз бераётган ҳодисалар диққат билан ўрганилади.

«Муассасалараро махсус комиссия ўз ишини давом эттиради. Унинг иши натижаларига асосан тегишли қарор қабул қилинади», - деди бош вазирнинг биринчи ўринбосари.

Конда 5 августа куни юз берган можаро оқибатида ўнлаб кишилар жароҳат олди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, Норин вилоят Бирлашган шифохонасига 21 киши мурожаат қилган, уларнинг 20 нафари Хитойнинг Zhong ji Mining тоғ-кон компанияси ходимларидир. 19 киши 6 август куни шифохонадан чиқарилди, бир нафар маҳаллий аҳоли вакили травматология бўлимида даволанишда давом этмоқда. Бундан ташқари, Бишкек травматология ва ортопедия илмий-тадқиқот марказига Zhong ji Mining компаниясининг 28 нафар ходими тиббий кўмак сўраб мурожаат қилди. Биринчи тиббий кўмакдан сўнг уларнинг ҳаммаси амбулатория даволанишга юборилди.

Хитойнинг Қирғизистондаги элчихонаси Солтон Сари конида юз берган можаро юзасидан баёнот тарқатди. Жумладан дипломатик ваколатхонанинг баёнотига қараганда ҳодиса "компания ва унинг ходимларига жуда катта иқтисодий ва жисмоний зарар етказган".

«Хитой томони ўзининг жиддий хавотирларини ва қирғиз томонига кескин норозилик билдиради. Биз қирғиз томонидан жабрдийда хитойликларга максимал даражада тиббий ёрдам кўрсатишга, ходиса диққат билан ўрганилиши, айбдорларни кескин жазолашга, мазкур ходиса адолатли ва керакли тарзда барқарорлаштирилишига чақирамиз. Хитой томони ҚРнинг тегишли идора ва ҳукуматидан Хитой компаниясининг қонуний ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилишда чора кўришини, ХХР фуқаролари хавфсизлигини таъминлашни, келажакда бу каби ҳодисаларнинг такрорланишига йўл қўйилмаслигини сўрайди», - дейилади элчихона баёнотида.

5 август куни Солтон-Сари конида 500-700га яқин киши тўпланди, улар Хитой компаниясининг ходимлари Солтон-Саридан чиқиб кетишини талаб қилдилар. 6 август куни улар норозилик акциясини давом эттирдилар, ҳамда Zhong ji Mining мазкур конда фаолиятини тўхтатишини талаб қилдилар.

XS
SM
MD
LG