Ссылки доступа

Қозоғистон собиқ мудофаа вазирини қуролли кучлардан ҳайдашди


Собиқ мудофаа вазири Сакен Жасузаковни қуролли кучлар сафидан бўшатишди. Бу ҳақдаги фармойишни 7 август куни Қозоғистон президентининг расмий сайтида чоп этишди. Июнь ойи охирида ҳарбий омбордаги ўқ-дори заҳиралари портлаган Арис шаҳридаги фавқулодда ҳодиса бунинг сабаби сифатида кўрсатилган.

Қайд этилишича, Сакен Жасузаков «зиммасига юкланган мажбуриятларни бажара олмаслик ва қуроллар ҳамда ўқ-дорилар хавфсизлиги ва сақланишини таъминлаш, қуроллар ва ўқ-дориларни сақлаш объектларини қайта жойлаштириш ва қурилиши дастурини амалга ошириш ишида жиддий хатога йўл қўйиши оқибатида Арис шаҳридаги ҳарбий қисмда ўқ-дориларнинг портлаши ва инсоний қурбонларга олиб келган миқёсли вайронагарчиликларни келтириб чиқарган ҳодиса учун» бўшатилган.

Қозоғистон Қуролли кучлари Бош штаби бошлиғи, мудофаа вазирининг биринчи ўринбосари Мурат Бектановга, шу лавозимдаги унинг ўтмишдоши Мурат Майкеевга ва мудофаа вазирининг собиқ ўринбосари Талгат Жанжуменовга қаттиқ хайфсан берилган.

15 июль куни амалдаги мудофаа вазири Нурлан Ермакбаевга қаттиқ хайфсан эълон қилишди. Арис яқинидаги омборда ёнғин ва ўқ-дорилар портлаши бир ойдан кўпроқ илгари – 24 июнь куни юз берди. Аҳоли кўчишга мажбур бўлганди, уларнинг катта қисми мустақил тартибда шаҳарни тарк этган. Аксарияти республика аҳамиятига молик Шимкент шаҳрига йўл олди, 27 июнь куни айрим яшовчилар норозилик акциясини ўтказди. Улар Арисга қайтишга қўрқишларини айтиб, расмийлардан ўзларини ҳарбий омбордан узоқроқ ерга жойлаштиришни талаб қилишди.

Эртасига Арисга боришга қўйилган чеклов олиб ташланди, уни снарядлардан “тўлалигича тозаланган” деб эълон қилишди ва яшовчиларни ортга қайтаришни бошлашди. Маҳаллий расмийлар маълумотига кўра, портлашлар шаҳардаги уйларнинг 85 фоизига шикаст етказган, 20 дан зиёд уйлар ёниб кетган.

Ҳодиса натижасида 4 киши қурбон бўлди. Уларнинг охиргиси — портлашлар куни Арисдан кўчиш чоғида жароҳат олган саккиз ёшли Аян Ерболуғли бўлиб, 2 август куни пойтахт касалхонасида вафот этди.

Сўнгги 10 йил ичида шаҳарда одамлар ўлимига олиб келган ҳарбий ва ярим ҳарбий объектларда ўқ-дорилар портлашлари билан боғлиқ тўртта ҳодиса содир бўлди. Яқинда юз берган фавқулодда ҳодисадан кейин Мудофаа вазирлиги омборнинг шаҳарга ўта яқинлиги ҳақида хабардор қилинганини, бироқ пул йўқлиги оқибатида уни кўчирмаганлигини тан олди. Ҳисоб-китобларга кўра, Арисни қайта тиклашга камида 20 миллиард тенга зарур бўлади.

XS
SM
MD
LG